Британия армияси Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбий жиноятларни яширган - ОАВ
Британиялик ҳарбийлар Ироқ ва Афғонистонда ҳарбий жиноятлар содир этган, шу жумладан тинч аҳолини ўлдириш ва қийноққа солишни амалга оширган бўлиши мумкин, уларнинг бу қилмишлари эса Британия ҳарбий раҳбарияти томонидан яширилган. Бу ҳақда Британиянинг Sunday Times нашри ва ВВС телекомпанияси олган махфий ҳужжатларда айтилган.
Ушбу оммавий ахборот воситалари британиялик ҳарбийларнинг Ироқ ва Афғонистондаги ҳаракатларини тергов қилаётган терговчиларга асосланиб, Британия қуролли кучларининг махсус бўлинмаси - Махсус авиадесант хизмат (SAS) таркибига кирган ҳарбийлардан бири қотилликлар содир этгани, Black Watch шотланд жанговар бўлинмаси жангчилари эса маҳбусларни калтаклагани, қийноққа солгани ва уларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этганини маълум қилган.
Sunday Times’нинг таъкидлашича, тергов учта шундай воқеага қаратилган бўлиб, улардан бирида SAS жангчиси 2012 йилда Афғонистонда ўз уйида чой ичиб ўтирган 3 бола ва бир ўсмирни отиб ташлаган. Мақолада таъкидланишича, ушбу ҳодиса юзасидан иш ҳарбий прокуратурага берилган, бироқ у бўйича тергов олиб борилмаган. Иккинчи ҳолат эса Ироқнинг Басра шаҳрида 2003 йилда маҳбусларни таҳқирлашга тааллуқли бўлиб, бундай ҳаракатлар натижасида 2 киши ўлган. Учинчи ҳолат эса 2003 йилда ироқлик полициячининг ўлдирилиши билан боғланган.
Мақолада бу ҳолатлар бўйича Британия мудофаа вазирлигининг баёноти келтирилган бўлиб, унда “полиция британиялик ҳарбийларнинг Ироқ ва Афғонистондаги хатти-ҳаракатлари бўйича катта кўламли тергов олиб боргани”, аммо мустақил ҳарбий прокуратура унга топширилган бирорта иш бўйича тергов бошламасликка қарор қилгани айтилган.
Британиянинг ҳарбий контингенти Ироқдаги уруш (2003-2011 йиллар) вақтида АҚШникидан кейин энг кўп сонли бўлган ва 45 минг кишига етган. Уруш вақтида 179 британиялик ҳарбий ҳалок бўлган. Афғонистондаги урушда (2001-2015 йиллар) эса Британия қуролли кучлари 456 ҳарбийни йўқотган.
Мавзуга оид
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
13:07 / 09.11.2024
Қозоғистон Британия санкцияларига дучор бўлган компаниялари ҳақида изоҳ берди
17:59 / 08.11.2024
Британияда эркак газли ичимликларга қарамликдан қутулиш учун гипноздан фойдаланди
09:05 / 07.11.2024