Россия Украинага Керчда ушланган кемаларни қайтарди
Россия 2018 йил ноябрда Керчь бўғозида россиялик чегарачилар томондан ушланган учта кемани Украинага қайтарди. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазирлигида маълум қилинди.
“Шуни яна бир бор таъкидлашни истардикки, 2018 йил ноябрда ҳарбийларга иғвогар ҳаракатларни амалга оширишга буйруқ берган расмий Киевнинг ҳаракатлари нафақат Россия суверенитетига, балки онгли равишда ҳаётлари хавф остига қўйилиб, қоидабузарликни амалга оширишга ундалган украиналик фуқароларга қарши жиноят ҳисобланади”, дейилган вазирлик хабарида ва Россия келгусида ҳам ўз чегаралари ёнида ҳар қандай иғвогар ҳаракатларни қаттиққўллик билан олдини олиши таъкидлаб ўтилган.
Украина ташқи ишлар вазири ўринбосари Елена Зеркаль “Никополь”, “Бердянск” ва “Яни Капу” кемалари Одессага йўл олаётганини маълум қилган.
Ноябрь бошида Украина ташқи ишлар вазирлиги Россияга ушланган кемаларни қайтариш талаби билан нота йўллаганди.
Май ойида эса БМТнинг халқаро трибунали денгиз ҳуқуқшунослигига кўра Россия зиммасига Украинага кемалари ва денгизчиларини қайтариш мажбуриятини юклаганди. Сентябрда Россия ва Украина ўртасида маҳкумларни алмашиш доирасида Керчдаги воқеа вақтида қўлга олинган 24 украиналик денгизчи ватанига қайтарилганди.
Украина кемалари Азов денгизида ушланганди. Россиянинг таъкидлашича, кемалар Россия сув ҳудудларига ноқонуний равишда кирган.