Ўзбекистон | 12:29 / 19.11.2019
10356
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки Ўзбекистонга қишлоқларни ривожлантириш учун 100 млн доллар қарз беради

Фото: KUN.UZ

Жаҳон банкининг ижрочи директорлар кенгаши Халқаро тараққиёт ассоциациясидан (Жаҳон банки гуруҳига кирувчи ташкилот) Ўзбекистон ҳукуматига 100 миллион доллар миқдорида қарз тақдим этиш ҳақидаги қарорни маъқуллади. Ушбу маблағлар «Обод қишлоқ» лойиҳасини амалга оширишга йўналтирилади.

Лойиҳанинг мақсади қишлоқ жойлардаги ижтимоий инфратузилма ва коммунал хизматларнинг сифатини яхшилашдир, деб хабар берди ЖБнинг Тошкентдаги ваколатхонаси.

Маҳаллий фуқаролар йиғинлари (маҳаллалар) лойиҳа маблағларини қайси инфратузилма лойиҳаларига йўналтиришни мустақил равишда ҳал қилади.

«Ушбу лойиҳа қишлоқ жойлардаги одамларга ўз маҳаллаларида жуда керакли бўлган ижтимоий инфратузилма ва коммунал хизматларни ривожлантириш учун маблағ олишга ёрдам беради», - деди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хидеки Мори. «Лойиҳа, шунингдек, қишлоқ аҳолиси, эркаклар ва аёллар, кекса ёшдаги одамлар ва ёшларнинг кундалик ҳаётига бевосита таъсир кўрсатадиган масалаларни ҳал қилишда иштирокини рағбатлантириш орқали маҳаллий ҳокимият ва фуқаролар йиғинлари ўртасидаги шериклик алоқаларини мустаҳкамлашга ёрдам беради».

Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги 300га яқин қишлоқ маблағ олиши мумкин.

Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ушбу лойиҳа бўйича Ўзбекистон ҳукуматига 82 миллион доллар миқдорида кредит шаклидаги қўшимча молиялаштириш тақдим этиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид