Иқтисодиёт | 10:35
877
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки Ўзбекистон учун энг истиқболли уч соҳани санади

Жаҳон банкининг янги таҳлилий ҳисоботига кўра, логистика, туризм ва фармацевтика Ўзбекистон иқтисодиётининг энг юқори салоҳиятга эга тармоқлари ҳисобланади. Ушбу соҳаларда мақсадли ислоҳотлар амалга оширилса, мамлакатда 300 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратиш ва миллиардлаб доллар хусусий инвестицияларни жалб қилиш имкони пайдо бўлади.

Фото: AP

Жаҳон банки таҳлилчилари фикрича, мазкур уч тармоқ хусусий капитални жалб этиш, бандликни ошириш ва иқтисодиётни диверсификация қилиш нуқтаи назаридан энг истиқболли йўналишлар саналади. Бу соҳаларни ривожлантириш рақобатбардош ва хусусий сектор етакчилик қиладиган иқтисодиётни шакллантиришга хизмат қилади.

Ҳисоботда қайд этилишича, 2017 йилдан буён Ўзбекистонда амалга оширилган бозор ислоҳотлари ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва аҳоли даромадларини оширишга ижобий таъсир кўрсатган. Шу билан бирга, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган мақсадларга эришиш учун рақобатни чеклаётган омилларни бартараф этиш, малакали кадрлар тайёрлаш, инфратузилмани ривожлантириш ва тартибга солиш тизимини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланган.

Логистика соҳасида автомобил юк ташувлари ва омбор инфратузилмасини ривожлантириш устувор йўналиш сифатида баҳоланган. Ер ажратиш ва қурилиш жараёнларини соддалаштириш, халқаро юк ташиш рухсатномаларини рақамлаштириш орқали 950 миллион доллардан 1,05 миллиард долларгача хусусий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда 108 мингтагача янги иш ўрни яратиш мумкинлиги қайд этилган.

Туризм соҳасида эса маданий ва экологик туризмни ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлиги таъкидланган. Ер ижараси механизмларини такомиллаштириш, малакали кадрлар тайёрлаш ва туристик объектларни самарали бошқариш ҳисобига 3,1 миллиард доллардан 4,2 миллиард долларгача хусусий инвестицияларни жалб қилиш мумкин. Бу эса 120–180 минг янги иш ўрни яратиш, туристик оқимларни диверсификация қилиш ва соҳанинг иқтисодий самарадорлигини ошириш имконини беради.

Ҳисоботда фармацевтика ҳам юқори ўсиш салоҳиятига эга стратегик тармоқ сифатида қайд этилган. Жаҳон банки ушбу соҳада ҳам хусусий инвестицияларни кенг жалб қилиш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш иқтисодиётнинг барқарор ўсишига хизмат қилишини таъкидлаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид