Light | 17:58 / 19.11.2019
45538
7 дақиқада ўқилади

Кўча супурувчиларсиз ҳам озода кўчалар – японлар бунга қандай эришган?

Японияга борганлар илғайдиган энг биринчи нарса – ҳудуднинг тозалиги. Кўча-кўйда бирор чиқиндига кўзингиз тушмайди. Ажабланарлиси, Японияда кўча супурувчиларни учратиш ҳам амри маҳол, деб ёзади BBC.

«Бешинчи қатор ҳожатхона тозалашга...»

Ҳар бири 50 дақиқадан давом этувчи 7 соатлик дарслардан кейин, ўқувчилар уйга қайтишни қанчалик хоҳлаб, ич-ичидан шошилиб турганини тасаввур қилиш қийин эмас. Бироқ улар ўқитувчининг кичик эълонини сабр билан тинглайдилар.

Доимгидек, муаллимнинг якунловчи нутқи бошланади: «Хўш... ҳамманинг диққатига. Бугунги тозалик учун навбатчилик жадвали. Биринчи ва иккинчи қатор синфхонани тозалайди, учинчи ва тўртинчи коридорни, бешинчи қатордагилар эса ҳожатхонани тозалайди».

Бешинчи қатордан айримларнинг юзида норозилик кайфияти сезилади. Шунга қарамай, ўринларидан туриб, синфхона охиридаги тозалик шкафидан челак ва чўткалар, кийимларни олиб, ҳожатхона тозалашга югуришади.

Шу таниш манзара ҳар куни Япониянинг ҳар битта мактабида такрорланади.

Жумбоқнинг оддий жавоби

Японияда биринчи марта бўлиб турган сайёҳларнинг аксарияти бу ердаги тозаликдан ҳайратга тушади.  Ҳатто атайин мамлакатнинг озодалигини кўриш учун келадиганлар ҳам бор. Улар Японияга келиб, кўча-кўйда ташлаб кетилган майда чиқиндилар ҳақиқатан ҳам йўқлигининг гувоҳи бўлишади.

Шу билан бирга, кўча супурувчилар ҳам йўқлиги – яна бир қизиқ ҳолат. Мана шу пайтда сайёҳларнинг хаёлига келадиган савол табиий: қандай қилиб давлат бу қадар тозаликка эришган?

Бу ерда яшовчилар учун эса жавоб оддий. «12 йиллик мактаб даврида, бошланғичдан то юқори синфни тугатгунча тозалик вақти – ўқувчилар кундалик ҳаётининг ажралмас қисми бўлиб келган», – дейди Ҳирошима префектураси ҳокимлигининг Токиодаги офиси директори ўринбосари Маико Аване.

«Уйимизда ҳам ота-оналаримиз болаларига ўзига тегишли буюмлар ва ўзимиз яшайдиган жойни озода сақлаш муҳимлигини доимо ўргатиб боради», дея қўшимча қилади у.

Шунингдек, мактабда ўтиладиган ижтимоий огоҳлик фани ҳам ўқувчиларга атроф-муҳитни асраш ва ўзини унга дахлдор деб ҳис этишига ёрдам беради. 

Стадионни тозалаган японлар

Фото: Carl Court / Getty Images

Японларнинг тозалик борасида бошқаларга ўрнак бўлиб, намуна кўрсатишлари ҳам кўпчилик туристларда бу мамлакатга келиш иштиёқини оширади.

Мисол учун, япониялик футболчилар ва футбол мухлисларини олайлик. 2014 йил Бразилияда ва 2018 йил Россияда ўтказилган жаҳон чемпионатларида Япония миллий жамоаси мухлислари стадиондаги турли чиқиндиларни, ўйингоҳни ҳаммадан кейин тарк этган, ўйинчилар эса кийиниш хонасини тозалаб кетиб, бутун дунё жамоатчилигининг олқишига сазовор бўлганди.

«Биз японлар ўз имиджимизнинг бошқалар кўз ўнгида қандай кўринишига ўта жиддий эътибор қаратамиз. Бошқалар халқимиз ҳақида тозаликка ўқуви йўқ экан, деб ўйлашларини хоҳламаймиз», дейди Макио Аване.

Кўча тозалаш – уят эмас, кундалик одат

Ўзини Мангетсу-ман (жаноб Тўлин ой) деб атовчи суперқаҳрамон кўчадаги чиқиндиларни ўзининг 1-рақамли душмани, супурги ва хокандозни эса асосий қуроли деб билади.
Фото: Reuters / Issei Kato (2014 йил 25 август, Токио)

Мамлакат маданий ҳаётида ҳам шунга ўхшаш ҳолатларнинг гувоҳи бўлиш мумкин. Масалан, Фужи Рок – японларнинг энг қадимий ва энг йирик фестивали. Бу мусиқа фестивалида одамлар чиқиндиларни то махсус қути топилгунча қўлларида кўтариб юришади.

Фестивал сайтида маълумот берилишича, чекувчиларга ўзлари билан қўлда кўтариб юриш мумкин бўлган махсус кулдонлар олиб юришга даъват этилади. Мақсад – ўз одати билан бошқаларга иложи борича зарар етказмаслик.

Бу каби мисоллар ижтимоий ҳаётда жуда кўп учрайди. Ҳар куни соат 08:00 атрофида офис ишчилари, дўкон ходимлари ўзларининг ишхонасига қарашли ерларни тозалайдилар. Болалардан иборат волонтёр гуруҳлари эса мактабларига яқин кўчалардаги чиқиндиларни териб чиқишади.

Қўшнилар ҳам доимий кўча тозалаш тадбирларини уюштириб туришади. Бунда улар ўзлари йиғган чиқиндиларни уйларига олиб кетишади.

Пул қўлдан қўлга берилмайди

Япония банкоматдан олинадиган пуллар тоза, кирсиз бўлади. Аммо барибир пулдан фойдаланиш давомида унга кир тўпланади, шунинг учун ҳам уни қўлга тутқазиш мумкин эмас. Меҳмонхона ва дўконларда, ҳатто таксиларда ҳам пул солиш учун кичик қутичалар бўлади. Бировга пул узатмоқчи бўлган киши уни қутичага солади.

Японлар шамолласа

Кўзга кўринмайдиган микроб ва вируслар ҳам алоҳида масала. Японлар гриппга чалинганини билса ёки йўтал тутса, бошқаларга юқтирмаслик учун дарҳол тиббий ниқоб тақиб олишади. Мана шу оддий ҳаракат билан ҳам улар бошқаларни тиббий харажат ва иш вақтининг йўқолишидан сақлашга, қолаверса, вирус юқишидан ҳимоя қилишга эришишади.

Аване бу ҳақида шундай дейди: «Биз японлар ўз дангасалигимиз ва ташлаган чиқиндиларимиз билан бошқаларга ноқулайлик туғдиришни хоҳламаймиз».

Фото: Пан Кунг / Shutterstock

Японияда яшаб кўрсангиз...

Агар сиз ҳам Японияда яшаб кўрсангиз, қандай қилиб тозаликка мослашиб қолганингизни сезмай қоласиз. Жамоат жойларида бурун қоқишдан тийилишга, дўкон ва офислардаги махсус тозалагичлардан фойдаланишга ва чиқиндиларни 10та турда саралаб ташлашга мослашиб қоласиз.

Ва худди Япония аҳолиси сингари ҳаётингиз сифати яхшиланаётганига гувоҳ бўласиз.

Ўз юртингизга қайтгач эса, юзингизга қараб туриб йўталаётган ёки акса ураётганлар сизни ҳайрон қолдира бошлайди. Кир оёқ кийимлари билан уйга кириб кетаётганларга ҳам кўзингиз тушади. Мана шу вазиятда ҳафсалангиз қанақа пир бўлишини тасаввур қилиб кўришни ўзингизга қолдирамиз.

Мавзуга оид