Иқтисодиёт | 08:34 / 20.11.2019
8056
2 дақиқада ўқилади

Бюджет интизоми бузилиши натижасида 91,3 млрд сўм ноқонуний харажатлар аниқланган

Фото: Молия вазирлиги ахборот хизмати

Молия вазирлигида давлат бюджетининг 2019 йил ўтган даври ижролари ва бюджет параметрлари кўрсаткичларини сифатли ижро этилишини таъминлаш ҳамда молия тизими ходимларининг вазифаларига бағишланган навбатдаги кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши ўтказилди.

Ҳайъат йиғилиши видеоселектор тарзида ўтказилди. Йиғилишда молия тизимининг 1062 нафар раҳбар ходимлар иштирок этди. Ҳайъат йиғилиши Ўзбекистон Республикаси молия вазири Жамшид Қўчқоров томонидан олиб борилди.

Йиғилишда қайд этилишича, жорий йилнинг 9 ойи якунида давлат бюджети даромадлари бўйича 5,9 трлн. сўм ортиғи билан бажарилган бўлса-да, зарурий чоралар кўрилмаганлиги натижасида 3-чоракда даромадларининг умумий тасдиқланган режаси Бухоро, Қашқадарё ҳамда Фарғона вилоятларида бажарилмаган.

Шунингдек, бюджет харажатларидан мақсадли ва оқилона фойдаланишда бюджет интизоми бузилиши натижасида 91,3 млрд. сўм мақсадсиз, ноқонуний харажатлар аниқлангани, бунда Жиззах, Андижон ва Тошкент вилоятида ишларни тизимли равишда ташкил этиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Ҳайъат йиғилишида:

давлат бюджети, хусусан маҳаллий бюджетларнинг даромад ва харажатларининг 2019 йил ижроси сифатли таъминлаш юзасидан кўриладиган чора-тадбирлари;

2020 йилги бюджет-солиқ сиёсатига киритилаётган ўзгаришлар ва қўшимчалар, келгуси молия йилида кўзда тутилган молиявий ислоҳотлар, шунингдек жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар, бюджет ташкилотлари ва бюджетдан маблағ олувчиларни мустақиллигини ошириш;

ўрта муддатли бюджетлаштиришга ўтиш ҳамда харажатларнинг мақсадли ва натижадорлик кўрсаткичларини ишлаб чиқиш бўйича чора-тадбирлар;

молия тизими фаолиятини янада яхшилашга қаратилган бошқа масалалар кўриб чиқилди ҳамда 2019 йил қолган даврда ҳам иқтисодиётнинг юқори ва барқарор ўсиш суръатларини сақлаб қолишда давлат бюджети даромадлари тушумини кўпайтириш, бу борада қўшимча захираларни излаб топиш ҳамда бюджет харажатларининг аниқ мақсадларда йўналтириш билан бирга унинг натижадорлигини ошириш ҳамда 2020 йил бюджет-солиқ сиёсатидаги ўзгаришлар билан боғлиқ устувор тадбир ва вазифалар белгилаб олинди.

Мавзуга оид