Ўзбекистон | 08:26 / 20.11.2019
5554
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон МДҲга раислик қилиш вақтида 70 га яқин тадбир ўтказишни режалаштирмоқда 

Фото: Сабыр Аильчиев

Ўзбекистон 2020 йилда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида раислик қилади. Шу муносабат билан Ўзбекистонда 70 дан ортиқ муҳим аҳамиятдаги тадбир ўтказилиши режалаштирилган. 

МДҲ ижроия қўмитаси раиси - ижрочи котиби Сергей Лебедев Ўзбекистонга ташрифидан сўнг беларуслик журналистларга Ўзбекистоннинг МДҲда раислик қилиши самарали бўлишига ишончи комиллигини айтган.

“МДҲ тарихида илк бор Ўзбекистон ўз зиммасига Ҳамдўстликда раислик қилиш вазифасини олди. Мен яқинда Тошкентдан қайтдим. У ерда Ўзбекистон президенти, ташқи ишлар вазири, хавфсизлик кенгаши раиси билан учрашдим. Биз жумладан Ўзбекистон раисликни самарали амалга ошириши борасида суҳбатлашдик”, деб айтган Лебедев.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг МДҲда раислиги вақтида 70 тага яқин муҳим тадбирлар ўтказиш режалаштирилган. “Мамлакат раҳбариятининг улкан масъулияти сезилмоқда. Ўзбекистон жуда кўплаб тадбирлар – давлатлар раҳбарлари, бош вазирлар, ташқи ишлар вазирлари учрашувлари, ижодий, илмий доираларнинг анжуманлари, МДҲ Иқтисодий кенгашини ўтказишни режалаштирган. Тадбирларнинг катта қисми Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллигига бағишланади”, деб таъкидлаб ўтган МДҲ ижрочи котиби.  

Шунингдек, МДҲ давлатлари ҳудудларининг Биринчи форуми ўтказилади.  

Лебедев суҳбат чоғида Туркманистоннинг МДҲда раислик қилиши унумли бўлганини ва асосийси – Ашхобод ташаббуси билан МДҲ давлатлари стратегик иқтисодий ҳамкорлиги тўғрисидаги декларация қабул қилинганини таъкидлаб ўтган. 

Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчиси Носиржон Юсупов МДҲда раислик қилиш Ўзбекистон учун катта шараф ва масъулият эканини қайд қилиб ўтган. “Шундан келиб чиқиб, биз раислик қилиш концепциясини ишлаб чиқишга жиддий ёндашдик. Унинг асосий мазмун-моҳияти Ҳамдўстлик давлатларининг кўп томонлама ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган”, деб таъкидлаб ўтган Юсупов.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид