Жамият | 10:30 / 20.11.2019
5928
2 дақиқада ўқилади

Танқиддан сўнг: Паст Дарғомдаги дарахтларни ноқонуний кесган шахс 54 млн сўм зарарни қоплайди ва жарима тўлайди

Kun.uz сайтида «Паст Дарғомда кўча юзидаги соғлом дарахтлар кесилди — Мораторий нега инкор этиляпти?» сарлавҳаси остида туман маркази Жума шаҳри Амир Темур кўчасида ноқонуний кесилган арчалар бўйича танқидий репортаж эълон қилинган эди.

Таҳририятга Паст Дарғом туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи Улуғмурод Умаровнинг мазкур ҳолат бўйича маълумотномаси тақдим этилди.

«Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда туман инспекцияси ходимлари томонидан ўрганишлар олиб борилди.

Ўрганишлар натижасида шу нарса маълум бўлдики, айни пайтда Амир Темур кўчасида қурилиш бунёдкорлик ишлари олиб борилаётганидан хабардор туманнинг «Жағалбойли» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Одилжон Сатторов вазиятдан фойдаланиб, пиёдалар йўлакчаси атрофидан бирор ҳужжатсиз, ўзбошимчалик билан 8 туп, яъни 5 туп «можживельник» ва 3 туп «туя» навли арча дарахтларини ўз эҳтиёжлари учун ишлатиш мақсадида кесгани аниқланди ва бу ҳақда гувоҳлар иштирокида далолатнома расмийлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги 43-сонли қарори 4-иловасига асосан 8 туп арчанинг ўсимлик дунёсига етказилган зарари ҳисобланганида, жами 54.412.000 сўмни ташкил қилди. Фуқаро О.Сатторов қилган айбини тан олиб, етказилган зарарни тўлиқ тўлаб беришини маълум қилди.

Мазкур ҳолат юзасидан туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси томонидан О.Сатторовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 79-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, 2.230.000 сўм миқдорида жарима жазоси қўлланди.

Ҳозирги кунда фуқаро О.Сатторовдан етказилган зарар ва жарималарни ундириш чоралари кўрилмоқда», — дейилади маълумотномада.

Мавзуга оид