Жамият | 09:59 / 21.11.2019
4957
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда икки оилани АҚШга жўнатишни ваъда қилган шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди

Оилани АҚШга жўнатишни ваъда қилган шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди, деб хабар бермоқда Тошкент шаҳар ИИББ.

Жиноий иш бўйича олиб борилган тергов давомида маълум бўлишича, жорий йилнинг июль ойида Мирзо-Улуғбек туманида 62 ёшли Н.С., 46 ёшли З.И. ва 46 ёшли Д.А. 34 ёшли Г.А.га унинг оиласини АҚШга жўнатишда ёрдам беришларини ваъда қилишган. 

Бунинг учун аёллар жабрланувчилардан 16 490 АҚШ доллари олганлар. Аммо ваъдаларига хилоф тарзда пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборишган. 

Ушбу факт асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Тергов давомида аниқланишича, 2018 йилнинг май ойидан жорий йилнинг апрелигача 46 ёшли З.И., 62 ёшли Н.С. ва 46 ёшли Д.А. 37 ёшли Л.А.га ҳам унинг оиласини АҚШга жўнатишни ваъда қилишган. Л.А. уларга жами 17 420 АҚШ доллари берган. Аммо ваъдаларида турмаган фуқаролар пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборишган.

Айбланувчиларга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси ("Фирибгарлик") бўйича қўшимча айблов юкланди. Тергов давом этмоқда.

“Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва Тошкент меҳмонлари! Ҳаддан ташқари ишонувчан бўлманг! Турли хил масалаларни ҳал этишни ваъда қилаётган нотаниш шахсларга ишонч билдирманг. Расмий ваколатхоналарга мурожаат қилинг”, - дейилади ИИББ маълумотида.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид