Жаҳон | 18:00 / 24.11.2019
5220
2 дақиқада ўқилади

Италия иқлим ўзгариши соҳасидаги таълимга мажбурий тус берган илк мамлакат бўлди

Италия – иқлим ўзгариши масаласи энг кўп муҳокама этилаётган мамлакатлардан бири. 2020 йилда янги ўқув йилининг бошланиши билан мазкур мамлакат иқлим муаммолари ва атроф-муҳит билан боғлиқ масалаларга бағишланган мажбурий дарсларни ўқув жадвалига киритган дунёдаги биринчи мамлакатга айланади.

Қайд этиш жоиз, дунё миқёсида Грета Тунберг ва бошқа машҳур экофаоллардан руҳланиб, экологик стандартларни тобора жиддий ёқлаб чиқаётган ёшлар кўпайиб бормоқда. Жумладан, ҳозир Италиядаги ёш авлод сайёрамиз юзма-юз келаётган таҳдидлар ҳақида кўп маълумотга эга.

Мамлакат таълим вазири Лоренцо Фьорамонтининг айтишича, умумтаълим ўқув дастурининг 33 соатини ушбу долзарб мавзуга бағишлаш режалаштирилган.

Экологияга бағишланган алоҳида машғулотлардан ташқари, анъанавий география, математика ва физика дарсларида ҳам иқлим ўзгариши мавзулари киритилиши кутиляпти.

Маълумот учун, Италия таълим вазири Лоренцо Фьорамонти – инсоннинг онгли хулқ-атвори, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва сайёрани ҳимоя қилиш учун кураш бўйича таниқли шахслардан саналади. У давлат таълимини авиачипталар, пластикдан ишланган маҳсулотлар ва ширинликлар савдосидан олинадиган солиқлар ҳисобига молиялаштиришни таклиф қилганди. Шу тариқа, Италиянинг келаси йил учун мўлжалланган бюджетида пластик ва шакар учун солиқ кўзда тутилган.

Мавзуга оид