Жамият | 10:00 / 25.11.2019
9708
2 дақиқада ўқилади

Бир нечта марта фирибгарлик жиноятини содир этган фуқарога суд ҳукми ўқилди

Фото: Shutterstock

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди фирибгарликда айбдор деб топилган шахсга нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.

Муқаддам судланган Б.К. ўзининг жиноий ҳаракатларини 2017 йилда бошлаган, у ўзганинг мол-мулкини алдов йўли билан қўлга киритиш мақсадида фуқароларга ўзини гўёки Ташқи меҳнат миграция хизматининг ходими сифатида таништириб, пойтахтда яшовчи М.Д.ни қонуний тартибда Жанубий Корея давлатида ишга жойлаштиришга ваъда бериб, М.Д.дан 2000 АҚШ доллар пулларини олган ва берган ваъдасини бажармасдан ўзининг эҳтиёжларига ишлатиб юборган.

Бундан ташқари, Б.К. ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2018 йилда ҳамқишлоқлари Г.Н. ва С.Ж.ни расмий равишда қонуний йўл билан Жанубий Корея Республикасига ишга юборишини ваъда қилиб, уларни ҳам алдаб 7.600 АҚШ доллар пуллари ва фуқаролик паспортларини қўлга киритиб, берган ваъдасини бажармасдан ўзининг эҳтиёжларига ишлатиб юборган.

Б.К. ўзининг жиноий режасига кўра аналогик равишда фирибгарлик жиноятларини содир этишда давом этиб, алдов йўли билан ўзининг ҳамқишлоқлари Ч.Н., Б.Н. ва У.А.дан жами 11.400 АҚШ доллар миқдоридаги пулларни қўлга киритишга эришган.

Мазкур ҳолат юзасидан Термиз шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилган жиноят иши бўйича Б.К.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди (фирибгарлик) ва 227-моддаси 2-қисми «а» банди (ҳужжатларни эгаллаш ёки яшириш) билан айблов эълон қилиниб, «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

2019 йил 8 ноябрь куни ЖИБ Термиз шаҳар судининг ҳукмига кўра, Б.К. юқоридаги моддалар бўйича айбдор деб топилиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Мавзуга оид