Жамият | 14:05 / 25.11.2019
7536
2 дақиқада ўқилади

Танқидга муносабат: Булоқбоши тумани марказидаги уйларда табиий газ таъминоти изга тушди

17 ноябрь куни Kun.uz сайтида «Булоқбошида газ конлари бор. Лекин туман марказидаги уйларда овқат пишириш учун ҳам газ йўқ» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Икки кун ўтиб «Ҳудудгаз Андижон» МЧЖ матбуот хизмати раҳбари Акмалжон Холиқов ҳамроҳлигида яна шу туман бордик.

Туман марказидаги М.Исмоилий кўчасида жойлашган 14, 15 ва 16-сонли кўп қаватли уйларда бўлиб, табиий газ таъминоти яхшиланганига гувоҳ бўлдик. 16-уйнинг 3-квартирасида яшовчи Азимжон Қодиров хонадонидаги ва бошқа хонадонларда ҳам газ босими кўтарилган, уйлар эгалари «комфоркали» газ плиталарида овқат пишириб, чой қайнатишмоқда. 15-уйдаги хонадонларда ҳам табиий газ таъминоти яхшиланган.

Туманда газ таъминотини янада яхшилаш учун бир талай ишлар амалга оширилмоқда. «Чақар» МФЙ ҳудудида янги АГТШ (автоматик газ тақсимлаш шохобчаси) ишга туширилибди. Мазкур АГТШга 4 километрдан янги тармоқ тортилган. Мақолада келтирилган «Тошкечик», «Гулистон» ҳамда «Бой» МФЙларидаги икки мингта хонадон яна қайтадан табиий газ билан таъминланадиган бўлди. Тармоқ учун 650 млн сўм маблағ сарфланган. «Учтепа» АГТШ ҳам ишчи ҳолатида. У ердан «Ширмонбулоқ», «Қақир» ҳамда «Навоий» МФЙлари учун 2,5 километрлик тармоқ тортиляпти.

«Бугунги кунда туманимиз аҳолиси бир суткада 200 минг куб.метр табиий газ истеъмол қилмоқда», дейди «Ҳудудгаз Андижон» МЧЖнинг Булоқбоши тумани бўйича раҳбари Шоҳрухбек Шуҳратбеков.

Ҳозирда туманнинг кўплаб қишлоқларида тармоқни қайта тортиш ишлари жадал кетмоқда. Фарғонадан соҳа мутахассислари ҳам ёрдам келишган. Мутасаддилар маълумотига кўра, 10 кун ичида ушбу ҳудудлар тўла табиий газ билан таъминланади.

Элмурод Эрматов, Андижон

Мавзуга оид