ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси: «Биз Ўзбекистондаги сайлов жараёнига аралашмаймиз»
Бугун, 25 ноябрь куни Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган сайловларни кузатиш бўйича махсус миссиясини очди.
Тадбирда берилган маълумотларга кўра, 11 мутахассисдан иборат гуруҳга асли италиялик бўлган Тана де Зулета хоним раҳбарлик қилмоқда. Яна 30 кишилик гуруҳ вакиллари 3 декабрда етиб келади.
Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси ЕХҲТга аъзо давлатлардан 250 нафар қисқа муддатли кузатувчи юборишни сўраб мурожаат этиши маълум қилинди.
«Юқорида айтганимдай биз фақат кузатувчи мақомидамиз, сайловлар жараёнига ҳам, қонун бузилиш ҳолатларига ҳам аралашмаймиз. Бундай ҳолатларда чора кўриш тўлиқ Ўзбекистон Республикасининг турли органлари ваколатига киради. Биз ўз кузатишларимиз асосида хулосалар тайёрлаймиз ва сайловлар якунига кўра уларни эълон қиламиз», деди Тана де Зулета сайловлар жараёнида яққол қонун бузилиш ҳолатларига дуч келинса, Европадан келган кузатувчилар қандай йўл тутиши ҳақидаги саволга жавобан.