Light | 09:08 / 26.11.2019
18235
12 дақиқада ўқилади

Google, Amazon, Wikipedia ва бошқалар. Сиз қайси машҳур бренд билан тенгдошсиз? (3-қисм)

Англиянинг Love Money портали 1945-2001 йиллар давомида фаолиятини бошлаган йирик компанияларни санаб, уларга қисқача тўхталиб ўтди. Рўйхатга қараб, 18 ёшдан 74 ёшгача бўлганлар ўзлари туғилган йилда қайси машҳур компанияга асос солинганини билиб олишлари мумкин.

Аввалги икки мақолада 1945-1960 ва 1961-1980 йилларда асос солинган йирик брендлар ҳақида сўз юритилган эди. Бугун якуний қисмда 1981-2001 йилларда иш бошлаган дунё миқёсидаги етакчи компанияларни санаб ўтамиз.

1981 йил – Bloomberg

Хусусий молиявий медиакомпания. Асосий маҳсулотлари – молиявий ахборот билан таъминловчи Bloomberg Terminal тизими, Bloomberg News янгиликлар агентлиги, Bloomberg Television телеканали, Bloomberg Businessweek ва Bloomberg Markets журналлари.

Майкл Блумберг мазкур компаниясини Нью-Йоркда, Solomon Brothers банкининг сотилишидан тушган 10 миллион доллар эвазига ташкил этган. У банкда бош ҳамкор эди. Блумберг реал вақт режимида Уолл-стритдаги молиявий маълумотлар, ҳисоб-китоб ва таҳлилий ахборотларни етказиш бўйича ўзининг ахборот технологиялари тизимини ишлаб чиққан.

1982 йил – Adobe Systems

Xerox`нинг собиқ ходимлари Чарльз Гешк ва Жон Уорнок томонидан ташкил этилган. Улар компьютер босмаси учун PostScrip саҳифалари таърифи тилини ривожлантириш билан шуғулланишган ва технология билан савдо қилишган. 1985 йилда Apple PostScript’ни LaserWriter принтерларида қўллаш учун лицензиялади. Тил принтерлар учун халқаро стандартга айланди.

1989 йилда Adobe Macintosh`да графика билан ишлаш учун Photoshop`ни чиқарди. 1993 йилда эса PDF формати ва у билан ишлаш учун иловани ишлаб чиқди. Adobe`нинг 2018 йилдаги соф фойдаси 2,59 млрд долларни ташкил этди.

1983 йил – AOL

Америка медиакорпорацияси. Онлайн-хизматлар, электрон эълон тахталари ва интернет-пейжер етказиб берувчиси. 2000-йиллар бошида АҚШнинг энг йирик интернет-провайдери бўлган.

1983 йилда Уильям фон Мейстер Control Video Corporation`га асос солиб, Atari 2600 учун GameLine онлайн-сервисини ишлаб чиққан. Бу жараёнда AOL`нинг бўлғуси соҳиби Стив Кейс ҳам консультант сифатида қатнашган.

1985 йилда компания инқирозга учради. Стив Кейс ва CVC`нинг штатдан ташқари ходими Жим Кейси атрофида ҳамкасбларини бирлаштириб, Quantum Computer Service`га асос солишди. Apple билан ҳамкорликда ишлаб, онлайн хизматлар кўрсатиб келган компания 1989 йилда AOL (America Online) деб қайта номланди.

1984 йил – Dell

Йирик технологик корпорация ва компьютер ишлаб чиқарувчилардан бири. 2017 йилда Dell шахсий компьютер етказиб бериш бўйича бозорнинг 16 фоизлик улушига эгалик қилиб, Lenovo ва HP’дан кейин учинчи ўринни эгаллаган. Компьютерлар учун мониторлар ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги энг йирик компания.

1984 йилда Майкл Делл томонидан ташкил этилган. Фаолиятининг илк йилидаёқ 73 миллион доллардан ортиқ фойда олган.

1985 йил – Blackstone

Муқобил инвестициялар бўйича дунёдаги энг йирик компания. Активларининг жами қиймати тахминан 545 млрд долларга тенг. Тўғридан тўғри ва хусусий инвестициялар, хедж-фондлар ва кредитлашга ихтисослашган.

Lehman Brothers банкидаги собиқ ҳамкасблар – Питер Петерсон ва Стивен Шварцман томонидан асос солинган.

1986 йил – Five Guys

Фастфуд ресторанлари тармоғи. Асосий урғу гамбургер, фри ва хот-догларга қаратилган. 2000-йилларда – АҚШдаги энг тез ўсган ресторанлар тармоғи. 2017-2018-йилларда АҚШда энг севимли бургерлар бренди номини олди.

Асосчилари – Жейн ва Жерри Мерелл ва уларнинг ўғиллари Жим, Мэтт, Бен ва Тайлер. Уларнинг бари ҳали ҳам бизнеснинг ривожида иштирок этишмоқда: Мэтт ва Жимм мамлакат бўйлаб саёҳат қилишади ва қаҳвахоналарни текширишади, Чад ходимларни ўқитиш билан шуғулланади, Бен франчайзлар билан ҳамкорлик қилади, Тайлер эса нонвойхонани бошқаради.

1987 йил – Huawei

Ташкил топиши Хитой халқ озодлик армияси муҳандиси Жэнь Чжэнфэ номи билан боғлиқ. У хитойлик муҳандислар билан хорижий технологияларни қайта лойиҳалаш билан шуғулланган. Чжэнфэ чет эл технологияларининг ўрнини босувчи, дунё миқёсида рақобатбардош компанияга асос солишни истарди.

Huawei Гонконгдан импорт қилинадиган коммутаторларни қайта сотиш, хорижий коммутаторларнинг қайта инжиниринги билан шуғулланарди.

1993 йилда шахсий телефон коммутаторини ишлаб чиқарди. Кичик шаҳар ва қишлоқларда оммалашишни бошлаган Huawei бозор улушини қўлга киритди ва йирик шаҳарларга кириб борди.

1996 йилда ҳукумат ва ҳарбийлар Huawei`ни миллий технологик етакчи сифатида илгари суришди ва хорижий компаниялар учун телеком-бозорга киришни чеклашди.

1988: SanDisk

Ахборот ташувчилар – хотира карталари, флеш ва SSD-тўпловчилар ишлаб чиқувчиси.

2016 йилда қаттиқ дисклар ишлаб чиқарувчи Western Digital томонидан 19 млрд долларга сотиб олинган. 2019 йилнинг апрелида бирлашган компания флеш-хотиралар ишлаб чиқариш хажми бўйича дунёда тўртинчи ўринни эгаллади.

Фирма асосчилари – Эли Харари, Санжай Мехротра ва Жек Юань. Улар илк ихчам йиғувчиларидан бири – CompactFlash`ни яратиб, рақобатчилари Miniature Card ва SmartMedia`дан ўзиб кетган.

1989 йил – Garmin

Автомобиль, самолёт, кемалар учун навигацион қурилмалар ишлаб чиқарувчи компания. Ақлли соатлар ва электроника учун технологиялар ишлаб чиқиш билан ҳам шуғулланади

ProNav компаниясига муҳандислар Гари Баррелл ва Мин Као асос солишган. Кейинчалик фирма Garmin деб қайта номланган. Илк маҳсулот – қиймати 2500 долларлик GPS-навигатор бўлган. 1991 йил АҚШ армияси Garmin`нинг илк мижозига айланган эди.

1990 йил – Time Warner (Warner Media)

Янгиликлар, кўнгилочар кўрсатувлар, кино, телевидение, интернет ва телекоммуникацияларда йирик конгломерат. Унга Time, Warner Bros, CNN, HBO, CW, AT&T ва бошқа компаниялар киради. Даромади 2018 йилда 33 млрд долларни ташкил этган.

Warner Communications ва Time Inc бирлашиши натижасида ташкил этилган.

1991 йил – Vodafone

Британиянинг телекоммуникацион конгломерати, дунёдаги йирик мобил алоқа операторларидан бири. 2018 йилда 313 млн абонент билан бу борада тўртинчи ўринни эгаллади (биринчи ўринда 902 млн абонентга эга China Mobile). 25та мамлакатлардаги тармоқларга эгалик қилади ва уларни бошқаради, яна 47 мамлакатда ҳамкорлик шартномаларига эга.

1991 йилда Буюк Британиядаги ҳарбий радиотехника ишлаб чиқарувчи йирик Racal Electronics компаниясидан Racal Telecom бўлинмасининг ажралиб чиқишидан кейин пайдо бўлган.

1992 йил – Boston Dynamics

Қадам ташлайдиган роботларни ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқарувчи муҳандислик компанияси.

Компанияга муҳандис Марк Райберт томонидан асос солинган. У юқори ҳаракатдаги роботлаштирилган механизмларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган ва Массачусетс технологиялар университетида ҳамфикрлар жамоасини топди.

Компания 2005 йилда илк ишланмаси – Америка армияси учун тўрт оёқли Big Dog автоном роботини намойиш этган эди.

Boston Dynamics`нинг бошқа ишланмалари орасида одамсимон Atlas роботи ва итсимон SpotMini робот бор. Компания уларни 2019-2020 йилларда тижорат эксплуатациясига тайёрланмоқда.

Google 2013 йилда бу компанияни сотиб олди, бироқ 2016 йилда Boston Dynamics яқин йилларда тижорат жиҳатидан муваққиятли маҳсулот чиқара олмайди деб ҳисоблаб, уни сотиб юборди.

1993 йил – Nvidia

Ўйин ва профессионал бозор учун машҳур график процессорлар ишланмалари билан шуғулланувчи, мобил қурилма ва автомобиллар учун кристалдаги тизим ишлаб чиқарувчи Америка технологик компанияси.

1993 йил апрель ойида микропроцессор лойиҳалаштирувчиси Женсенг Хуанг, Крис Малаховски ва Кёртис Прэм томонидан ташкил этилган.

Улар компьютер саноатида тез орада график чипларга бўлган қизиқиш ортади, деб ҳисоблашарди. Видеоўйинлар оммавийроқ ва машҳурроқ бўлади, 3D-графика устида ишлаш эса мураккаблашади деб ҳисоблаганлари боис график процессорлар устида иш олиб бора бошлашган эди.

1994 йил – Amazon

Amazon – биринчи онлайн дўкон экани, қолаверса «ақлли» уйнинг булутли хизматлари ва тизимларини етказиб берувчи, кийим-кечак дизайнери, реклама майдончаси, телевидение ва кино продюссери, китоб нашриёти ва Kindle ридерларини ишлаб чиқарувчи сифатида ҳам машҳур.

1994 йил 5 июлда Жефф Безос томонидан асос солинган. Дастлаб Cadabra деб аталган, китоблар савдоси билан шуғулланган. Кейинчалик ассортимент электрон товарлар (мусиқа, видео, дастурий таъминот), уй учун буюмлар, ўйинчоқлар, озиқ-овқат, кийим-кечаккача кенгайди. Номи ҳам Amazon деб ўзгартирилди.

1995 йил – eBay

1995 йилда Пьер Омидьяр томонидан очилган. eBay аввалига Омидьярнинг шахсий сайтидаги онлайн-аукцион саҳифасидан иборат бўлган ва AuctionWeb деб номланган. 1997 йилда сайт номи eBay.com деб ўзгартирилди.

Сервис илк машҳурликни комиссия йиғими йўқлиги туфайли қўлга киритди. Бошқа аукционлар эса келишувнинг 30 фоизига яқинини олишарди.

1996 йил – Alexa Internet

Сайтларга кириш, ҳаволалар ва сайтлар оммавийлиги рейтинги ҳақида маълумот тўплайдиган, таҳлиллар фирмаси.

1996 йилда Брюстер Кейл ва Брюс Гиллиат томонидан ташкил этилган. Улар фойдаланувчининг хатти-ҳаракатларини тушунадиган ва муайян сайтларга киришни тавсия қиладиган инструментлар панелини ишлаб чиқишганди.

Лойиҳада ҳар бир сайтнинг эгаси, сайт янгиланган вақт, унга тегишли ҳавола ва бошқа маълумотлар кўрсатилган. Кирилган сайтлар сканер қилинган ва архивлаштирилган.

База Wayback Machine сервисида сайтларнинг интернет архивини яратиш учун асосга айланди. 1999 йилда Alexa 250 миллион доллар эвазига Amazon назоратига ўтди.

1997 – Netflix

Стриминг видеосервислари асосчиси, фильм ва сериаллар ишлаб чиқарувчи компания. 2019 йилнинг апрель ҳолатига кўра, Netflix обуначилари 149 миллиондан ошади.

Рид Хастингс ва Марк Рэндольф томонидан ташкил этилган. Дастлаб Netflix`нинг бизнес модели DVD-дисклар савдоси ва ижарасидан иборат бўлган. Бироқ 1998 йилда DVDни почта орқали ижарага бериш моделига ўтди.

1998 – Google

Бугунги куннинг гигант компанияларидан бирига 1998 йилда Ларри Пейж ва Сергей Бринт томонидан асос солинган.

Google аввалига аспирантларнинг тадқиқот лойиҳаси эди. Ўша пайтдаги одатий қидирув тизимлари натижаларни асосий сўзларнинг миқдорига қараб баҳолар эди, Пэйж ва Брин алгоритми эса саҳифаларнинг миқдори ва муҳимлигига кўра сайтнинг долзарблигини аниқларди.

1999 йил – Alibaba

Жек Ма томонидан Ханчжоуда ташкил этилган. Дастлаб у хитойлик тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчиларнинг харидорлар билан алоқаси ҳамда Хитой товарларининг глобал бозорга экспортига ёрдам учун майдонча ташкил этишни режалаштирган.

Ҳозир онлайн савдолар ва тушум бўйича Alibaba АҚШнинг барча ритейлларидан ўзиб кетган.

2000 йил – Baidu

Хитойнинг технологик компанияси. Интернет хизматлар ва сунъий идрок соҳасидаги ишланмалар устида иш олиб боради. Бозордаги улуши 70 фоизга тенг Хитойдаги йирик қидирув тизими Baidu ва ҳайдовчисиз автомобилни яратиш технологияси Apollo – Baidu`нинг энг йирик ишланмаларидан.

Робин Ли ва Эрик Сю томонидан сайтлар долзарблиги алгоритми асосида ташкил этилган. Ишланмани Робин Ли тайёрлаган. 1996 йилда Ли ишлаб чиққан RankDex қидирув тизими сайтлар сифатини таҳлил қилиш учун гиперҳаволалардан илк маротаба фойдаланган. Google бундай ечимдан 1998 йилдагина фойдалана бошлади.

2017 йилда Baidu ҳайдовчисиз автомобилларни ишлаб чиқиш учун Apollo платформасига асос солди.

2001 йил – Wikipedia

2001 йилда Жимми Уэйлс ва Ларри Сэнгер томонидан ишга туширилган. Дастлаб Nupedia эркин энциклопедияси учун қўшимча сифатида яратилган эди.

«Википедия» тез орада оммавийлик бўйича Nupedia’ни ортда қолдирди ва халқаро нотижорий лойиҳага айланди.

Sony, McDonald’s, Visa ва бошқалар. Сиз қайси машҳур бренд билан тенгдошсиз?

Nike, Starbucks, Apple ва бошқалар. Сиз қайси машҳур бренд билан тенгдошсиз? (2-қисм)

Мавзуга оид