Иқтисодиёт | 12:21 / 12.11.2025
1241
2 дақиқада ўқилади

Google Германияда 2029 йилгача 5,5 млрд евро инвестиция киритади

Компания прогнозига кўра, Google’нинг келаси тўрт йилга мўлжалланган инвестиция дастури Германияда ҳар йили тахминан 9000 та иш ўрни яратади.

Фото: Kun.uz

Америка технология гиганти Google кейинги тўрт йил давомида ГФРда инфратузилма ва дата-марказларни кенгайтиришга 5,5 млрд евро инвестиция киритишни режалаштирмоқда. Бу «Германиянинг рақамли келажаги учун ҳозирга қадар энг йирик инвестиция дастуримиз», — деди Google’нинг ГФРдаги раҳбари Филипп Юстус 11 ноябр куни Берлинда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Унинг сўзларига кўра, Google’нинг 2026–2029 йиллар учун инвестиция дастури Гессен федерал еридаги Дитценбах шаҳрида янги дата-марказ қурилишини ўз ичига олади. Қўшни Ханауда 2023 йилдан буён фаолият юритаётган маълумотларни қайта ишлаш марказини ҳам кенгайтириш мўлжалланган. Бундан ташқари, Google’нинг Мюнхен, Франкфурт-Майн ва Берлиндаги офислари ҳам кенгайтирилади.

«Инвестициямиз натижасида Германияда жами ҳисобда ҳар йили тахминан 9000 та иш ўрни яратилишини кутяпмиз», — деди Юстус.

Германия вице-канцлери ва молия вазири Ларс Клингбайл Google режаларини «инновациялар, сунъий интеллект, иқлим жиҳатдан нейтрал трансформация ва Германияда иш ўринлари яратиш соҳаларида келажакка қаратилган ҳақиқий инвестициялар» деб таърифлаб, «айни дамда бизга керак бўлгани ҳам шу», деди.

Рақамлаштириш ва давлатни модернизация қилиш вазири Карстен Вилдбергер эса АҚШ компаниясининг инвестициялари ҳақидаги эълони Германиянинг рақамли инфратузилмани жойлаштириш учун қай даражада жозибадор эканини кўрсатишини таъкидлади. «Европада маълумотларни қайта ишлаш марказлари жойлашуви бўйича Германияни етакчи масканга айлантирмоқчимиз», — деди у.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид