Иқтисодиёт | 21:25 / 26.11.2019
12215
2 дақиқада ўқилади

Инфляцион таргет нега 5 фоиз этиб белгиланганига изоҳ берилди

26 ноябрь куни Марказий банкда бўлиб ўтган матбуот анжуманида 5 фоизлик таргет (мақсад) қўйилаётганининг сабаби айтиб ўтилди.

«Таргет, яъни асосий мақсадни ҳар бир давлат ўзининг маълум бир омилларини ҳисобга олиб белгилайди. Буни бирор жойда шунча бўлсин деган, аниқ ёзиб қўйган қоидаси йўқ», - дея Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Нима учун 2023 йилдан бошлаб инфляция 5 фоизлик таргет доирасида бўлиши мақсад қилинди?

«Биз учун мақбули 5 фоиз. Нима учун? Нима учун 10 ёки 8 фоиз эмас? Агар биз юқори даражада, масалан, 7 ёки 9 фоиз деб белгилайдиган бўлсак, хоҳлаймизми ёки йўқми бу аҳолининг инфляцион кутилмаларига таъсир қилади. Демак, 10 фоизгача нарх ошарканда дегандек бўлади. Бу ўз-ўзидан валюта курсига таъсир қилади. Шу орқали белгиланган макроиқтисодий ўсишга замин ярата олмаймиз. 

Асосий савдо ҳамкорларимизда, қўшниларимизда инфляцияни таргетлаш мақсади 5 фоиздан юқори бўлмаганидан кейин [биз ҳам] юқори таргетни белгилай олмаймиз. Чунки инфляция мақсади, даражаси қўшни давлатлардагидан юқори бўлса, ўзаро савдода таққослама, солиштирма устунлигимизни йўқотамиз. Бизда инфляция юқори бўлиб, уларда пастроқ бўлса, доимо валюта курсимизга ўзининг босимини ўтказиб боради. Шунинг учун ҳам 5 фоизлик инфляциянинг мақсади мана шу ҳисоб-китоб, иқтисодий таҳлилларимизга асосланиб белгиланди», - дейди Мамаризо Нурмуратов

Матбуот анжуманида ривожланган ва ривожланаётган давлатлардаги инфляцион таргетлашга оид айрим маълумотлар келтирилди. Унга кўра:

Халқаро тажрибада арксарият

•  ривожланган давлатларда таргети 2 фоиз,
•  ривожланаётган давлатларда 3-5 фоиз даражада белгиланган.

Асосий савдо ҳамкор давлатларда инфляция 5 фоиздан юқори эмас. Хусусан, мазкур кўрсаткич Россия Федерациясида 4 фоиз, Қозоғистонда 5 фоиз, Қирғизистонда 2 фоизни ташкил этади.

Мавзуга оид