Ўзбекистон | 11:51 / 28.11.2019
6446
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Исроил институти филиали очилиши мумкин

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида вазир С.Умрзоқов ва Исроилнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Э.Шапира ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув чоғида томонлар инвестицион ва савдо-иқтисодий шерикликни фаоллаштириш учун Исроил ва Ўзбекистон ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш истиқболларини кўриб чиқиб, икки томонлама ҳамкорликнинг жорий ҳолати тўғрисида фикр алмашдилар.

Жорий йил давомида ўтказилган Ўзбекистон-Исроил ташқи ишлар вазирликлараро сиёсий маслаҳатларнинг 5-раунди якуни бўйича эришилган муҳим ютуқлар, Агробизнес форуми ва «В2В» форматидаги қатор ишбилармон учрашувлари таъкидлаб ўтилди.

Ўзбекистон иқтисодиётининг қишлоқ хўжалиги, ахборот-коммуникация технологиялари, соғлиқни сақлаш ва таълим каби асосий ва ижтимоий аҳамиятга эга тармоқларига Исроил тажрибаси ва технологияларини фаол жалб этиш ҳамкорликни ривожлантиришнинг ушбу босқичида устувор йўналиш ҳисобланади. Учрашув иштирокчилари муҳандислик математикаси ва компьютер технологиялари бўйича мутахассислар тайёрлаш мақсадида Тошкентда Холон технология институтини очиш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Савдони ривожлантириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди - ҳозирги вақтда иккала мамлакатда саноатнинг ривожланиш даражаси савдо ҳажмини сезиларли даражада ошириш учун етарли, шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошидаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги ва Исроилнинг экспорт ва халқаро ҳамкорлик институти (IEICI) экспорт фаолиятини ривожлантиришда тажриба алмашиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўядилар.

Учрашув якунида савдо-иқтисодий, сармоявий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Исроил ҳукуматлараро комиссиясининг биринчи йиғилишини ўтказиш икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни тизимлаштириш ва самарадорлигини ошириш йўлидаги муҳим қадам сифатида илгари сурилди.

Мавзуга оид