Автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устахонасида ёнғин юз берди. 3та машина тўлиқ ёниб кетди
2019 йилнинг 28 ноябрь куни соат 05:59да Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри “Намуна” маҳалласи Бунёдкор кўчасида жойлашган “Якка тартибдаги тадбиркор Б.Жумабоев”га тегишли автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устахонасида ёнғин бўлаётганлиги ҳақида ёнғин-қутқарув хизматига хабар келиб тушган.
Ўзбекистон Республикаси ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси маълумотида айтилишича, воқеа жойига 2та ёнғин ўчириш бўлинмалари жалб этилган. Бўлинмалар кўрсатилган манзилга 3 дақиқада етиб борган ва ёнғин соат 06:07да ўраб олиниб, соат 06:34да тўлиқ бартараф этилган.
Ёнғин ўчирувчиларнинг тезкор ҳаракатлари натижасида ёнғиндан устахона биносининг 100 кв. метр майдони сақлаб қолинган ва қўшни биноларга аланга ўтиб кетиши олди олинган. Ҳалок бўлган ва тан жароҳати олганлар йўқ.
Ёнғин оқибатида устахонанинг ички қисми 30 кв. м майдонда ва ичида бўлган таъмирлашга олиб келинган 3та енгил автомобил: фуқаро Ш.Ю.га тегишли “Лассети”, фуқаро Х.М.га тегишли “ВАЗ 21-011” ҳамда фуқаро О.Б.га тегишли “ВАЗ 2106” тўлиқ ёнган. Ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.