Ўзбекистон | 23:09 / 29.11.2019
7627
2 дақиқада ўқилади

Йўл-транспорт ҳодисаларининг ҳар тўртинчиси ўлим билан тугаяпти - ИИВ

Фото: KUN.UZ

Ички ишлар вазири ўринбосари Рустам Ҳотамовнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда содир этилаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг деярли ҳар тўртинчиси ўлим билан тугаяпти, ҳар иккинчиси эса тезликни ошириш билан боғлиқ бўлмоқда. Вазир ўринбосари бу ҳақда 29 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлиси олдидан парламент юқори палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида ўтказилган йиғилишда маълум қилди.

«Ўлим билан боғлиқ ЙТҲлар республика бўйича 9,5 фоизга камайган бўлса-да, Сирдарё ва Наманган вилоятларида бу кўрсаткичлар ошган. Шу билан бирга, ҳар иккинчи йўл-транспорт ҳодисаси белгиланган ҳаракатланиш тезлигини ошириш оқибатида содир этилгани йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, йўл-ҳаракати қоидаларига итоаткорлик руҳида тарбиялаш ва жойларда фото-видео радар мосламаларидан фойдаланиш ишларини янада жадаллаштириш лозимлигини кўрсатмоқда», дея Рустам Ҳотамовнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазир ўринбосари Сенат қўмитаси мажлисидаги ҳисоботида инсон ўлимига ёки ногирон бўлиб қолишига сабаб бўлаётган мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаларига сабаб бўлаётган «авария»ларга йўл қўймаслик мақсадида ҳайдовчи ва пиёдаларнинг йўл-ҳаракати қоидаларига амал қилиш маданиятини оширишга қаратилган мақсадли тарғибот-ташвиқот тадбирларига ОАВ, фуқаролик жамияти институтлари ва кўнгилли асосда иштирок этувчи ёшлар кенг жалб этилишини таъкидлаб ўтди.

Аввалроқ профилактика инспекторларининг 55 фоизида кишан йўқлиги, Ўзбекистоннинг чет элдаги ваколатхоналари томонидан мамлакат фуқароларига паспорт бериш йўлга қўйилиши кутилаётгани, «участкавой»ларга берилган автомобилларнинг харажати новвой ва сомсачиларнинг бўйнидалиги маълум қилинганди.

Мавзуга оид