Жамият | 12:30 / 03.12.2019
6009
2 дақиқада ўқилади

ИИВ Оҳангаронда пиёдани уриб юбориб, ЙТҲ жойидан яширинган ҳайдовчини қидирмоқда

Иллюстратив фото

2019 йил  2 декабрь куни тонгги соат 05:30ларда “Олмалиқ-Тошкент” автомобиль йўлининг Оҳангарон тумани ҳудудидан ўтган 6-километрида номаълум ҳайдовчи номаълум транспорт воситасини бошқараётиб, йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб юбориб йўл-транспорт ҳодисаси содир этган. 

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ хабарига кўра, ҳодисадан сўнг ҳайдовчи жабрланувчига ёрдам кўрсатмасдан воқеа жойидан қочиб кетган. Пиёда олган  оғир даражадаги тан жароҳатлари сабабли воқеа жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан  Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-модда 2-қисми ва 117-модда 2-қисмлари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда номаълум ҳайдовчини аниқлаш юзасидан қидирув ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси  ушбу ҳолат юзасидан бирор-бир маълумотга эга бўлган фуқаролардан жиноятни фош  этишда  амалий  ёрдам   кўрсатишларини   ҳамда (71)-267-63-79, (71)-267-63-15 ёки (98)-309-87-88 телефонига қўнғироқ қилиб мавжуд маълумотларни тақдим этишларини сўраган. Маълумот тақдим этган фуқаронинг шахси ошкор этилмайди.  

Мавзуга оид