Ўзбекистон Марказий банки иқтисодий вазиятнинг асосий сценарийси ва ташқи иқтисодий хатарларга асосланган муқобил сценарийсини тақдим этди.
Асосий сценарий
2020-2022 йилларда иқтисодий вазиятнинг кутилаётган асосий ўзгаришлари сифатида иқтисодий ўсиш жорий суръатларининг сақланиб қолиши, олиб борилаётган таркибий ислоҳотларнинг босқичма-босқич давом эттирилиши ва жаҳон иқтисодиётидаги умумий ўсиш суръатларининг бироз секинлашуви назарда тутилмоқда.
Ушбу сценарийга кўра, ЯИМнинг 2019 йил якунлари бўйича реал ўсиши дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 5,6 фоизни, 2020 йилда эса 5,2-5,5 фоизни ташкил этиши, шунингдек, 2021-2020 йилларда 5,5-5,8 фоизгача тезлашиши прогноз қилинмоқда.
Шу билан бирга, мазкур сценарийда асосий савдо ҳамкор давлатларда иқтисодий фаоллик бир оз пасайишдан сўнг аста-секин тикланиши, улардаги инфляция даражаси эса мақсадли кўрсаткичлар яқинида бўлиши ва миллий валюталарнинг АҚШ долларига нисбатан мўътадил девальвацияси асосий макроиқтисодий ўзгаришлар сифатида қабул қилинмоқда.
Бунда, 2020-2022 йиллар охирига қадар мамлакат импорти ўсиш суръатларининг тобора пасайиб бориш тенденцияси билан бирга, ташқи савдо айланмасининг барқарор ўсиш суръатлари сақланиб қолади.
Жаҳон бозорларида нархларнинг қулай шаклланиши ва экспортни кенгайтиришга қаратилган чоралар натижасида мамлакатда товар ва хизматлар экспорт ҳажмининг (олтинни ҳисобга олмаганда) йиллик 10 фоиз даражасида ўсиб бориши тахмин қилинмоқда. Бунда, асосий экспорт маҳсулотларнинг жаҳон бозорларидаги нархлари кам ўзгарувчанлик билан шаклланиши назарда тутилган.
Шу билан бирга, Хитойда саноат ишлаб чиқаришининг секинлашиши туфайли газ ва мис нархлари пасайиши, АҚШ Федерал резерв тизими ва Европа Марказий банкининг пул-кредит шароитларини «юмшатиб» боришлари натижасида олтин нархларининг барқарор бўлиши кутилмоқда. Бу, ўз навбатида, экспорт тушумлари бўйича ўсувчан динамиканинг сақланиб қолишига хизмат қилувчи омиллардан бири ҳисобланади.
Тартибга солинган нархлар борасида асосий сценарийга кўра ёқилғи-энергетика маҳсулотлари нархларини таннарх даражасига қадар эркинлаштириш жараёнларининг 2022 йилга қадар босқичма-босқич тугатилиши ва бунда ушбу жараённинг инфляцияга таъсирини имкон қадар минималлаштирган ҳолда амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Марказий банк томонидан асосий сценарий шарт-шароитларида 2020 йил охирига йиллик инфляция 12-13,5 фоиз оралиғида бўлиши прогноз қилинмоқда ва мақсадли кўрсаткичлар ўртасидаги фарқни босқичма-босқич қисқартириб, 2021 йилда бир хонали сон даражасига, 2023 йилда инфляциянинг асосий таргети – 5 фоиз даражасига эришиш мўлжалланмоқда.

















