19:20 / 03.12.2019
0
3987

Ўзбекистон делегацияси Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитаси йиғилишида иштирок этмоқда

Австралиянинг Брисбен шаҳрида Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитасининг 78-ялпи йиғилиши ўз ишини бошлади, деб хабар берди “Ўзпахтасаноат” АЖ матбуот хизмати.

Дунёнинг 30 дан зиёд давлатларидан вакиллар ташриф буюрган мазкур анжуманда “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Искандар Искандаров, “Пахтасаноат илмий маркази” акциядорлик жамияти директори, Пахтани қайта ишлаш ва тадқиқ қилиш бўйича Осиё тармоғи раҳбари Тоҳир Кулиев иштирок этмоқда.

“Глобал етакчилик: пахта чегараларини кенгайтириш” мавзусига бағишланган бу галги мулоқот қатнашчилари Австралия фермерлари, пахта тозалаш заводлари мутасаддилари, юк жўнатувчилари, соҳанинг таниқли маркетологлари, таҳлилчилари, брокерлари, тўқимачилик тармоғи ишлаб чиқарувчилари, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етказиб берувчилари, инвестицион банклар мутахассислари билан учрашадилар. Шунингдек, энг илғор ғоялар ва инновациялар юзасидан фикр алмашиб, пахтачилик соҳасини жадал ривожлантиришнинг самарали йўлларини аниқлаш хусусида маслаҳатлашадилар.

Ўзбекистон делегацияси аъзолари ялпи йиғилиш биринчи кунининг ўзида қатор икки томонлама музокаралар ўтказдилар. Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитаси ижрочи директори Кай Хьюз, R&D Investment компанияси бош менежери Аллан Виллиамс шулар жумласидандир. Муҳокамалар давомида асосий эътибор жаҳон бозорида ўз ўрнига эга бўлган мамлакатимиз пахтасининг харид қийматини янада ошириш, салоҳиятли харидорлар ва ишончли ҳамкорларга ҳар томонлама сифатли пишиқ-пухта толамиз бўйича тўлиқ маълумот бериш, давлат-хусусий шерикчилик тизими орқали инвестиция жалб қилишга қаратилди.

Халқаро маслаҳат қўмитаси тадбирлари 6 декабргача давом этади. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top