Жамият | 19:50 / 03.12.2019
4826
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон хайр-саховат рейтингининг етакчи йигирма бешталигига кирди   

10 йиллик тадқиқотлар натижаларига кўра, хусусий хайр-саховат рейтинги World Giving Index рейтинги эълон қилинди. Рейтингга 126 та давлат киритилган бўлиб, у муайян давлат фуқаролари қанчалик кўп хайр-саховат қилишлари, муҳтожларга ёрдам беришлари ва кўнгиллилик (волонтёрлик) билан шуғулланишларини кўрсатади. 

Рейтинг ўнинчи йил эълон қилинмоқда ва шу сабабли унинг тузувчилари ўн йилликка якун ясашга қарор қилишган. Бу йиллар давомида респондентлардан улар бирор нотаниш муҳтож одамга ёрдам берган-бермаганлари, хайрия ишларига пул ажратганлари ва кўнгилли бўлиб ишлаган-ишламаганлари сўралган. Уларнинг жавоблари асосида давлатларга баллар ҳисоблаб борилган.  

Рейтингга кўра, 1-ўринни АҚШ, 2-ўринни Мьянма ва 3-ўринни Янги Зеландия эгаллаган. Етакчи ўнталикдан, шунингдек, Австралия, Ирландия, Канада, Британия, Нидерландия, Шри-Ланка ва Индонезия ўрин олган. 

Эътиборлиси, Ўзбекистон 3 та кўрсаткич бўйича рейтингнинг 25-ўрнини эгаллади. Жумладан, Ўзбекистон фуқароларининг муҳтожларга ёрдам бериши кўрсаткичи бўйича 31-ўринни, хайрияга пул ажратиши бўйича 36-ўринни, кўнгиллилик бўйича 18-ўринни эгаллади. 

Марказий Осиё давлатларидан Туркманистон рейтингнинг 19-ўрнини, Тожикистон 44-ўрнини, Қирғизистон 55-ўрнини, Қозоғистон эса 78-ўрнини эгаллаган.  

Рейтингнинг энг қуйи поғоналарини Фаластин, Сербия, Яман, Греция ва Хитой эгаллаган.

Мавзуга оид