Ўзбекистон | 22:20 / 03.12.2019
3414
2 дақиқада ўқилади

ЕХҲТ бош котиби ташкилот Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкори бўлиб қолишини таъкидлади 

Олий Мажлис Сенати қўмитаси раиси А.Қурманов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Вена шаҳридаги Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари томонидан ташкил этилган Австрияга ташрифи давомида EХҲТ бош котиби Т. Гремингер билан учрашув бўлиб ўтди. Шунингдек, Вена дипломатик академиясида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. 

EХҲТ бош котиби ташкилотнинг Ўзбекистон билан изчил ривожланиб бораётган ҳамкорлигини мамнуният билан қайд этди.

“Сўнгги уч йил ичида EХҲТ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда катта ютуқларга эришилди. Ўзбекистон президенти томонидан изчил олиб борилаётган демократик ислоҳотлар сиёсати кўп қиррали ҳамкорлигимизни ривожлантириш учун кенг имкониятлар очиб бермоқда. ЕХҲТ Ўзбекистоннинг ўз мақсадларига эришишида ишончли ҳамкори бўлиб қолади ва президент Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлар йўналишини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр”, деди Т. Гремингер.

У Ўзбекистонда бўлажак парламент сайловлари демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш шароитида муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

Суҳбатда мамлакат парламенти демократик ҳуқуқий давлат асосларини мустаҳкамлашда ҳал қилувчи рол ўйнаши, ҳақиқий демократия мактабига, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочисига айланиши кераклиги қайд этилди. Т. Гремингер Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Тошкентда бўлиб ўтган маслаҳатлашув учрашуви натижаларини юқори баҳолади.

Т. Гремингер "Шавкат Мирзиёевнинг яхши қўшничилик, ўзаро манфаатлар ва оқилона муроса тамойилларига асосланган минтақавий сиёсати ҳар томонлама ўрганишга лойиқ эканлигини ва бугунги кунда халқаро муносабатларда бунга бўлган талаб ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ" эканлигини алоҳида таъкидлади.

Вена дипломатия академиясида бўлиб ўтган давра суҳбати давомида Ўзбекистон делегацияси мамлакатда сайлов кампаниясининг бориши тўғрисида маълумот берди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид