Ўзбекистон | 16:45 / 04.12.2019
15971
2 дақиқада ўқилади

Ички ишлар вазири Андижонда аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказди

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов 3 декабрь куни чекка қишлоқ ва овуллардаги мавжуд долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни бевосита жойида бартараф этиш мақсадида Андижон ва Фарғона вилоятларида сайёр қабул ўтказиб, аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказди.

Сайёр қабул давомида вилоятда истиқомат қилувчи фуқаролар томонидан ички ишлар органларининг тергов фаолияти, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш масалалари, жазони ижро этиш тизимига оид муаммолар, шунингдек, жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати ходимларининг кундалик хизмат фаолияти ҳамда ички ишлар органларига ишга кириш билан билан боғлиқ масалалар юзасидан мурожаатлар келиб тушди. Масъул ходимлар томонидан бир қатор фуқароларнинг мурожаатларида кўтарилган масалалар юзасидан ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди.

Ички ишлар вазири томонидан 38 нафар фуқаро қабул қилиниб, қўшимча вақт талаб этилгани боис 26та мурожаатни ўрганиб чиқиш бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, ижроси назоратга олинди. 12 нафар фуқаронинг ариза-шикоятларида кўтарилган масалалар юзасидан шу ернинг ўзида ижобий қарор қабул қилинди.

Ташриф давомида Асака туманининг «Юқори бўз» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган Навбаҳор, Тинчлик, Оқбош, Ёшлик кўчаларида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар билан суҳбат ўтказилиб, уларнинг муаммолари ўрганилди.

Мазкур ҳудуддаги кўчаларга тош-шағал ётқизилди, эҳтиёжманд оилаларга кўмир тарқатилди, моддий ёрдам тариқасида озиқ-овқат маҳсулотлари улашилди.

Мавзуга оид