АҚШда йилнинг энг яхши фильми эълон қилинди
АҚШ кинотанқидчилари миллий кенгаши (The National Board of Review of Motion Pictures) мукофотининг 2019 йилги совриндорлари эълон қилинди.
Кенгаш талқинига кўра, режиссёр Мартин Скорсезенинг “Ирландиялик” фильми йилнинг энг яхши фильми сифатида эътироф этилган. Фильмда бош ролларни Роберт де Ниро ва Ал Пачино ижро этган. Ушбу фильм шунингдек “Энг яхши адаптация қилинган сценарий” йўналишида ғолиб бўлган.
Таъкидлаш жоиз, 2018 йил “Энг яхши фильм” мукофотига сазовор бўлган “Яшил китоб” фильми кейинроқ “Оскар” олган.
“Энг яхши режиссёр” мукофоти Квентин Тарантинога “Бир куни Ҳолливудда” фильми учун берилган. Фильмда бош ролларни Брэд Питт ва Леонардо Ди Каприо ижро этган.
Шунингдек, Адам Сэндлер “Ишлов берилмаган зеб-зийнатлар” фильмидаги, Рене Зеллвегер эса “Жуди” фильмидаги роллари учун энг яхши актёр ва актриса деб топилган. “Иккинчи даражали энг яхши роль” учун мукофотлар Брэд Питт (Бир куни Ҳолливудда) ва Кэти Бэйтсга (Ричард Жуэлл иши) топширилган.
Бундан ташқари, Ал Пачино, Роберт Де Ниро ва Мартин Скорсезе “Улуғлар” махсус мукофоти билан тақдирланган.
Мукофотлар анъанавий равишда Нью-Йоркда 8 январда ўтадиган тантанали маросимда ўз эгаларига топширилади.