Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентдаги янги уйлар аҳолиси ўз-ўзича айланаверадиган газ ҳисоблагичларидан шикоят қилди
Тошкентдаги янги қурилган уйлар аҳолиси газ қувурига уланмаган бўлса ҳам ўз-ўзича айланаверадиган газ ҳисобагичларидан шикоят қилишди.
“Кўп хонадонли уйимизда газ ҳисоблагичлари ўрнатилганди. Ҳамма қўшнилар газга кўп пул тўлаётганларидан шикоят қила бошлашди”, деб ёзган Facebook’даги “Потребитель” гуруҳи фойдаланувчиларидан бири.
Хабарга илова қилинган видеода бир эркак қўлида “СГУ-G6” маркасидаги ҳисоблагични ушлаб турганини кўриш мумкин. Қизиғи шундаки, қурилма газ қувурига уланмаган бўлса ҳам кўрсаткични ўзгартиришда давом этган.
“Ҳаммада ҳисоблагичлар бир хил. Мен ҳам ҳайрон бўлдим. Уйимда бир йилдан бери яшамайман, уни таъмирлаётганим учун ундан деярли фойдаланмаганман. Бироқ газга 900 минг сўм ёзилипти. Одатдагидек МИБдан келишганди ва мен тўловни амалга оширдим”, деб айтган истеъмолчи.
Сўнгра маҳаллий аҳоли йиғилиб, вазиятга ойдинлик киритишга қарор қилган.
“Қўшнилар билан йиғилиш ўтказдик ва бир ойда 2,7 млн сўмлик газ ёзилган одамлар борлиги аниқланди. Қўшнининг ҳисоблагичини ечиб олдик, у эса айланишда давом этаверди. Уйни қурган ташкилотнинг таъкидлашича, у унга рухсат берилган ҳисоблагичларни ўрнатган ва буни исботлашга тайёр”, деб айтган маҳаллий фуқаро.
Шунингдек, қурилиш ташкилоти аввалроқ сотиб олган бошқа ҳисоблагичларни ўрнатмоқчи бўлгани, бироқ туман газ таъминоти бўлимида унга “СГУ-G6” маркасидаги ҳисоблагичларни ўрнатиш буюрилгани маълум бўлган.
“Потребитель” гуруҳи аъзолари бу ҳолатга турлича муносабат билдиришган.
Улардан бирининг таъкидлашича, бундай ҳисоблагичларнинг Ўзбекистонга олиб кирилиши 2017 йилдаёқ тақиқланган. Шунга қарамай, кўплаб янги уйларда газ таъминоти корхоналари ҳанузгача бу қурилмадан фойдаланмоқда.
Бошқа фойдаланувчиларнинг айтишича, уларда ҳам шундай ҳисоблагич ўрнатилган бўлган. Улар охир-оқибат ҳисоблагични алмаштиришган, бироқ аввалги ҳисоблагич ёзган газ учун барибир мўмайгина пул тўлашларига тўғри келган.
Мавзуга оид
10:25 / 18.06.2026
Тошкентнинг янги халқаро аэропортини қуриш бўйича ДХШ битими имзоланди
11:35 / 17.06.2026
Тошкент дунёнинг энг тез ўзгараётган шаҳарлари қаторига кирди
16:28 / 13.06.2026
Тошкентда йўл талашган ҳайдовчи иккинчи ҳайдовчига таёқ билан ҳужум қилди
20:06 / 10.06.2026