Жаҳон | 20:23 / 06.12.2019
10038
2 дақиқада ўқилади

Туркияда С-400 мажмуаларидан яна сотиб олиниши мумкинлиги айтилди

Туркия кўпроқ миқдорда ракета ҳужумидан мудофаа тизимларига эҳтиёж сезади ва уларни НАТО бўйича иттифоқдош бўлмаган давлатлардан сотиб олиши мумкин, чунки альянсга кирувчи давлатлардан уларни сотиб олишнинг иложи бўлмаяпти. Бу ҳақда Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғлу айтиб ўтди. 

“Мен ракета ҳужумидан мудофаа тизимларини ўз иттифоқдошларимдан ололмаганим туфайли, уларни бошқа бир кимдан сотиб олишга мажбурман. Келгусида менга бундай тизимлардан кўпроқ керак бўлади. Агар Patriot’ни ололмасам, С-400 ёки бошқа тизимларни сотиб олишим мумкин”, деб таъкидлаб ўтган Човушўғлу Римда ўтган “Ўрта ер денгизи мулоқотлари” анжуманида.  

“Президент Трамп Пентагон ва ўз маъмуриятидан фарқли, буни яхши тушунади. Биз бу масала бўйича ишни давом эттириш кераклигига қўшиламиз”, деб таъкидлаб ўтган вазир. 

Човушўғлунинг таъкидлашича, Анқара НАТО иттифоқдоши, бироқ Россия билан қўшни. “Биз улардан [Россиядан] газ сотиб оламиз, давлатларимиз ўртасидаги савдо ҳажми ўсмоқда. Биз Қрим борасида, Грузиянинг яхлитлиги ва Суриядаги баъзи масалалар борасида Россиянинг позициясига қўшилмаймиз. Мен Россия билан ҳамкорлик қилишим керак ва бу ҳамкорлик Остона ва Сочида кенгаймоқда. Женева формати ҳам Сочи ва Остонадаги музокаралар туфайлигина ҳаёт”, деб қўшимча қилган Туркия ташқи ишлар вазири.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид