Эмери кетди, муаммолар қолди. «Арсенал»ни инқироздан ким чиқариши мумкин?
«Арсенал» барча турнирлар доирасида тўққиз ўйиндирки ғалаба нелигини билмаяпти. Унаи Эмери бир ҳафта олдин, Европа Лигасида «Айнтрахт»га қарши мағлубиятли ўйиндан кейиноқ клубни тарк этганди. Фредрик Юнгберг вақтинчаликка жамоани қабул қилиб олди, аммо ўтган вақт ичида «канонирлар» «Норвич» (2:2) ва «Брайтон»га қарши ўйинларда (1:2) қониқарсиз натижалар қайд этишди. «Арсенал»га қарши ўйинлардан олдин «Норвич» ва «Брайтон» 18- ва 16-ўринларда жойлашганди.
«Канонирлар» аутсайдерларга қарши муваффақиятсиз натижалардан кейин АПЛ турнир жадвалида 10-ўринга тушиб кетди, жамоани «хавфли ҳудуд»дан 5 очко ажратиб турибди. «Арсенал» ҳимояси жуда ёмон ўйнамоқда – 15 ўйинда 23 гол ўтказилди, бу юқори ўнталикдаги энг ёмон кўрсаткич. Гол уришда ҳам қониқарсиз натижа қайд этилмоқда – 21 гол (юқори ўнталикдаги «Шеффилд Юнайтед» ва «Кристал Пэлас»дагина пастроқ кўрсаткич).
Эмерининг кетиши билан муаммолар йўқолиб қолмади, Юнгберг эса асосий жамоада ишлаш учун етарли тажрибага эга эмасди. Фредрик бунгача «Арсенал»нинг ёшлар жамоасида ишлаган ва Эмери штабида мураббий ёрдамчиси эди. Юнгбергни узоқ вақтга бош мураббийлик курсисида қолдириш аввал бошдан режада бўлмаган, яқин вақтлар ичида жамоани янги бош мураббий қабул қилиб олиши аниқ, лекин бу иш қанча тез бўлса шунча яхши.
Аввалига Массимилиано Аллегри ва Карло Анчелотти бу лавозим учун асосий номзодлар сифатида қаралаётганди. Италия нашрларидаги маълумотларга кўра, Аллегри «канонирлар» таклифини рад этган - у 2020 йил ёзига қадар мураббийлик фаолиятига қайтмоқчимас. Ҳозирда Массимилиано инглиз тилини ўрганишда давом этмоқда ва уни ёзда АПЛ клубларидан бирида кўриб қолсак ажаб эмас. Анчеллоти айни вақтда «Наполи» президенти билан «сан-ман»га бориб қолган, аммо унинг кетишини кутиб ўтириш яхши эмас. Қолаверса, бошқа номзодлар ҳам бор.
Микель Артета («Манчестер Сити», бош мураббий ёрдамчиси)
Ноябрь ойи охиридаёқ The Sun «Арсенал»нинг кейинги бош мураббийи бўлиш учун номзодлардан бири Микель Артета экани ҳақида ёзганди. Испаниялик собиқ футболчи 2011 йилдан 2016 йилгача «Арсенал» сафида тўп сурган, жамоага сардорлик қилган, футболчилик фаолиятини шу жамоада якунлаган ва кейин «Манчестер Сити»да Хосеп Гвардиолага ёрдамчи сифатида иш бошлаган. Ассистент вазифасида уч йил ишлаш – камида Юнгбергникидан кўпроқ тажриба деганидир. Артета Гвардиола билан ёнма-ён ишлаб келмоқда. Микелнинг таклиф этилиши Юнгбергни жамоа бошқарувида қолдиришдан кўра афзалроқ.
Марселино Тораль (ишсиз)
Турли йилларда «Севилья», «Вильярреал» ва «Валенсия» каби клубларни бошқарган испаниялик мутахассис ҳозирча бўш юрибди. Бу клублар ҳеч нарсани эслатмаяптими?
«Арсенал» ўз натижаларини яхшилаш учун Унаини таклиф қилганди. Марселино Тораль ҳам футболда ватандошидан кўпроқ натижага эришмаган – унинг таклиф этилиши ўтмишдаги хатони такрорлаш бўлиши мумкин. «Канонирлар» яхшиси Испаниянинг ўртамиёна жамоалари билан ишлаган мутахассислардан узоқроқ бўлгани маъқул.
Брендан Рожерс («Лестер Сити»)
Британ нашрлари Эмерининг «Арсенал»даги меросхўри Брендан Рожерс бўлиши ҳақида ёзишганди. «Лестер»да муваффақиятли ишлаётган шимолий ирландиялик мутахассис Лондон клубига ўтиши ҳақидаги хабарларни рад этди: «Арсенал» мураббийлиги учун номзодлар сони камида ўнта бўлса керак. Мураббийлар ишини йўқотади, унга ўринбосар излашади — бу ишимизнинг ажралмас қисмидир. Миш-мишлар мени чалғита олмайди, мен бундай гаплар тарқалишининг олдини ололмайман. Кўпчилик мураббийларнинг шартномаларида маълум бандлар белгиланган бўлади. Мен «Лестер»да барчасидан мамнунман ва асосий эътиборимни бу ердаги ишимга қаратаман».
Ҳозир «Лестер» қаторасига 8 ғалабадан кейин АПЛ турнир жадвалида иккинчи ўринда бормоқда, «Арсенал» 19 очко ортда қолдирилган (жамоаларнинг ўзаро ўйинида ҳам лестерликлар 2:0 ҳисобида зафар қучишган). Рожерс ўз клуби билан шартномани янгилади.
Маурисио Почеттино (ишсиз)
Маурисио Почеттино «Тоттенҳэм»ни тарк этганига уч ҳафта бўляпти. Аргентиналик мутахассис ишдан бўшатилиш ҳиссини тўлиқ бошдан кечириб, ҳордиқ чиқармай туриб уни Европадаги топ-клубларга тиқиштира бошлашди, бу клублар орасида «Бавария», «Барселона» ва «Реал» номларини кўриш мумкин. Daily Mail хабарига кўра, «Арсенал» ҳам Почеттино номзодини кўриб чиқмоқда.
Маурисионинг ўзи мураббийлик фаолиятига имкон қадар тезроқ қайтиш истагини билдирди. Лекин Почеттино «Тоттенҳэм» ва клуб мухлисларининг азалий душмани сафига қўшилишга юраги бетламаса керак. Дўстлари Маурисиони «Арсенал»га ўтмасликка ундамоқда.
Нуну Эшпириту Санту («Вулверҳэмптон»)
Италиялик журналист Жанлука Ди Марцио ўз сайтида «Арсенал»нинг янги мураббийи бўлиш учун асосий номзодлардан бири айни вақтда «Вулверҳэмптон»ни бошқараётган португалиялик Нуну Эшпириту Санту экани ҳақида ёзди. Нунунинг манфаатларини ҳимоя қилувчи Жорже Мендеш «канонирлар» раҳбарияти билан музокара бошлаган. Агар томонлар келишувга эришса, «Вулверҳэмптон»нинг португалиялик футболчилари (уларнинг сони 8 нафар) ҳам оммавий равишда Лондонга миграция бўлишини кутиш мумкин.
Патрик Виейра («Ницца»)
«Арсенал»нинг яна бир собиқ футболчиси мураббий бўлган. Патрик Виейра 2018/2019 йилги мавсум арафасида «Ницца»га келган ва жамоа ўтган мавсум якунида Франция чемпионатида еттинчи ўринни эгаллаганди. Аммо «бургутлар» бу мавсумни ёмон ўтказишмоқда – 16 турдан кейин 14-ўрин. Тўғри, чемпионат турнир жадвалида жамоалар тиғиз жойлашган, учинчи ўриндаги жамоа ниццаликлардан 5 очко кўпроқ жамғарган («Ницца»да 21, «Лилль»да 26 очко).
Кеча Sky Sports Виейра – «Арсенал» бош мураббийлиги учун асосий номзодлиги ҳақида хабар тарқатди. Патрикнинг ўзи барча қатори «бор фикри ҳозирги клубида» экани ҳақида гапирди. «Канонирлар» мухлислари Виейр клубга қайтишидан хурсанд бўлишарди.
***
«Арсенал» бош мураббийлиги учун номзодлар сони кўп, аммо кўп ўйлашга шунчаки вақт йўқ. Жамоа инқироз ичида қолган, уни имкон қадар у ердан тезроқ чиқариш керак. «Канонирлар» раҳбарияти кимни танлагани ҳақида тез орада билиб оламиз.
Мавзуга оид
15:52 / 10.11.2024
«Арсенал»да ҳам инқироз. Бунинг сабаблари нимада?
12:28 / 07.11.2024
«Вилла» ўйинида аҳмоқона пеналти, «Барса» истаганча гол урмоқда. Кун ўйинлари
12:33 / 03.11.2024
АПЛда сенсациялар куни, Ҳусановда илк қизил. Кун ўйинлари
14:31 / 02.11.2024