Ички ишлар ходими қоидабузар ҳайдовчини тутиш учун қурол ишлатди
Тошкент шаҳар ИИББ ходими маст ҳолатда йўл-транспорт ҳодисаси содир этган ва ходимларга қурол билан пўписа қилган ҳайдовчини қўлга олиш чоғида қурол қўллашга мажбур бўлди.
8 декабрга ўтар кечаси Тошкент шаҳар ИИББ ходими маст ҳолатда бўлган ва пичоқ билан таҳдид қилган ҳайдовчини қўлга олиш учун қурол ишлатди. Ҳодиса тафсилотлари ИИББ матбуот хизмати томонидан келтирилган.
7 декабрдан 8 декабрга ўтар тунда тахминан соат 3:10да Чилонзор туманидаги Муқимий ва Байналминал кўчалари кесишмасида «Лабо» русумли автомобилни бошқариб борган ҳайдовчи бетон тўсиққа тўқнашган. ЙТҲ натижасида «Лабо» ағдарилиб кетган. Ҳайдовчига ёрдам бериш учун ИИББ ходимлари ва ҳодиса гувоҳлари келиб, автомобилни ғилдиракларига ўнглаб қўйишган.
Лекин ҳайдовчи кабинадан чиқмаган. Воқеа жойига биринчи бўлиб етиб келган ППХ ходими йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига ЙТҲ ҳақида хабар берган. ППХ ходими ҳайдовчидан тиббий ёрдам кераклиги ҳақида сўрамоқчи бўлганида ҳайдовчининг ғайритабиий ҳаракатлари ва гапларига, ҳаракатларида мувофиқлик йўқлигига эътибор қаратиб, бу ҳақда ЙПХ инспекторларини огоҳлантирган.
«Тахминга кўра ҳайдовчи психотроп воситалар ёки спиртли ичимликлар таъсири остида бўлган. Кутилмаганда ҳайдовчи ЙТҲ жойига етиб келган ЙПХ инспекторларига қаршилик кўрсата бошлаб, тинчланиш ва жамоат тартибини сақлаш ҳақидаги чақирувларга жавобан тажовузкорона ҳаракатлар қилган. Ёнидаги пичоғини чиқариб, кимда ким яқинлашса унга жароҳат етказиши билан қўрқитарди.
Ўтиб кетаётган ҳайдовчи ва пиёдалар тўхтаб томоша қила бошлаганлари сабабли ҳодиса атрофида одам кўпая бошлагач, фуқаролар ва ходимлар ҳаёти ва соғлиғи учун реал хавф юзага келди. Шунда ЙПХ инспектори кичик сержант Т.О. табель қуролини қўллашга қарор қилади. ЙПХ инспектори бир неча марта ҳайдовчини қўрол қўллаши ҳақида огоҳлантиришига қарамасдан, ҳайдовчи ўзини агрессив тутишда давом этиб, ходимларга пичоқ санчимоқчи бўлган. Шундан сўнг ЙПХ инспектори йўриқномага мувофиқ ҳаракат қилиб, осмонга ўқ узди, бу ҳам қоидабузарга таъсир қилмаганидан сўнг, унинг оёғига қарата ўқ ўзди. Фақатгина шундан сўнг қоидабузар пичоғини ташлади. Унинг қўллари кишанланиб, тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага етказилди», дейилади ИИББ хабарида.
Ҳайдовчининг шахсини аниқлаш бўйича олиб борилган ишлар натижасида у – Шайхонтоҳур туманида яшовчи, муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97 («Қасддан одам ўлдириш») ва 109-моддалари («Қасддан баданга енгил шикаст етказиш») бўйича судланган 43 ёшли Нусрат И. экани маълум бўлди.
«Лабо» автомобили салонида очиқ ҳолатдаги ароқ ва коньяк шишалари ҳам топилган. Ҳозирги вақтда фуқаро Нусрат И. ўз ҳаракатларини тушунтиришга қодир эмас, чунки у айни дамгача маст ҳолатдадир», дейилади хабарда.
Айни вақтда Чилонзор тумани прокуратураси Нусрат И.га нисбатан жиноий иш қўзғатилиши масаласи билан шуғулланмоқда.
Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи генерал-майор Жўраев Р. ходимларни рағбатлантириш ҳақида топшириқ берган.
Мавзуга оид
16:23 / 29.07.2024
Волгоград областида йўловчи поезд юк машина билан тўқнашди
15:50 / 27.07.2024
АҚШда 38 яшар ўзбекистонлик тракчи ЙТҲ туфайли вафот этди
13:07 / 27.07.2024
Қамчиқ довонида 3 та юк автомобили ва Mercedes-Benz Sprinter иштирокида ЙТҲ юз берди
07:35 / 27.07.2024