Ўзбекистон | 09:00
708
13 дақиқада ўқилади

Мундиалдаги дебютга расмий баҳо, қимматлаётган бензин ва ўпирилган дамба — ҳафта дайжести

Умуммиллий хатловнинг илк натижалари маълум: аҳоли сони ва этник таркибига аниқлик киритилди. Бензин нархи ошиши тезлашяпти: Россиядан импортга қарамлик оқибатлари бўй кўрсатмоқда. Миллий жамоа мундиалдан қайтди: уларни кутиб олган бош вазир айрим танқидчиларни “диван экспертлари” деб таърифлади. Болалар иштирокидаги автоҳалокатлар давом этяпти: ЙҲХХда бошлиқ алмашиши нимани ўзгартиради?

Ортда қолаётган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид айрим мавзулари – Kun.uz дайжестида.

Ўзбекистон аҳолиси 39 миллиондан ошган

Миллий статистика қўмитаси мустақиллик йилларида илк марта ўтказилган аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки натижаларини эълон қилди. Маълум бўлишича, Ўзбекистон аҳолиси сони 2026 йил бошидаёқ 39 миллиондан ошиб бўлган экан. Январ-феврал ойларида ўтказилган умуммиллий тадқиқотда 39 047 321 киши рўйхатга олинган бўлиб, бу рақам 2026 йил 1 январ ҳолатидаги расмий ҳисоб-китобдан 810 минг кишига фарқ қилади.

Бошқача айтганда, биз ўзбекистонликлар ўзимиз ўйлаганимиздан кўра 800 минг кишига, яъни аслида 2 фоизга кўпроқ эканмиз. Ҳудудлар кесимида қарасак, бу тафовут асосан Тошкент вилояти билан боғлиқ: бу вилоят аҳолиси расмий статистикага қараганда 600 минг нафарга ёки 19 фоизга кўпроқ бўлиб чиқди. Шу билан бирга, 5 та ҳудудда аҳоли сони аввал ҳисоблаб келинганидан бироз камроқлиги ҳам ойдинлашди.

Расмий изоҳга кўра, жорий статистика ва рўйхатга олиш натижаси ўзаро фарқ қилиши – табиий ҳолат. Чунки жорий ҳисоб-китоблар одатда туғилиш, ўлим ва миграция бўйича маъмурий маълумотлар асосида юритилади; рўйхатга олишда эса тўғридан тўғри аҳолининг ўзидан маълумот йиғилган. Қолаверса, онлайн рўйхатга олиш ва OneID тизимидан фойдаланиш ҳам қамровни кенгайтирган.

Статқўмнинг маълум қилишича, халқаро тажрибада ҳам аҳолини рўйхатга олиш ва жорий ҳисоблар ўртасида фарқ бўлишига табиий деб қаралади. Масалан, Канадада бу фарқ 3,2 фоиз, Қозоғистонда 1,6 фоиз бўлган. Ўзбекистонда эса 2,1 фоизлик тафовут кузатилди.

Рўйхатга олишда яна кўплаб маълумотларга аниқлик киритилди. Масалан, аҳолининг этник таркиби. Маълум бўлишича, Ўзбекистон аҳолисининг 89,4 фоизини ўзбеклар ташкил этади. 3,3 фоиз аҳоли тожик, 2,2 фоизи қорақалпоқ, 1,8 фоизи қозоқ, 1,6 фоизи эса рус миллатига мансуб. Айни пайтда, ўзбек тилини она тили деб ҳисобловчилар сони этник ўзбеклардан кўра кўпроқ – аҳолимизнинг 91,3 фоизи ўзбек тилини она тили деб билишини маълум қилган.

Бензин қимматламоқда

Россиядаги ёқилғи инқирози фонида, Ўзбекистонда ҳам бензин нархи рекорд даражада қимматлашди. Бир-биридан мустақил учта манбадаги маълумотлар айни бир хил рақамни кўрсатяпти: бензин нархи июн ойида тахминан 11 фоизга ошган.

Биринчи манба – Ўзбекистондаги энг йирик АЁҚШлар тармоғи бўлмиш Carvon'даги нархлар: бу тармоқ шохобчаларида июн ойида АИ-92 маркали импорт бензин нархи 11 700 сўмдан 13 000 сўмга, яъни 11,1 фоизга ошган. Иккинчи манба – АЁҚШларнинг тўлиқ нақдсиз шаклга ўтказилган тушумлари ҳақидаги Марказий банк ҳисоботлари. Май ва июн ойидаги ҳисоботларни таққослаганда, июн ойида АЁҚШларнинг кунлик ўртача тушумлари 11,3 фоизга ошганини кўриш мумкин. Учинчи манба – биржа маълумотлари. Унга кўра, июн ойида АИ-92 маркали бензиннинг улгуржи нархи 11,2 фоизга кўтарилган.

Йиллик нисбатда оладиган бўлсак, Carvon шохобчаларида импорт АИ-92 бензини охирги 12 ойда 21 фоизга қимматлашди. Бу – расмий инфляциядан 3 карра юқори кўрсаткич.

Сабабларга келсак, аслида Россиядаги тақчиллик баҳона бўлолмаслиги керак. Давлатга қарашли юздан ортиқ нефт конлари ношаффоф тарзда хусусий қўлларга бериб юборилганидан тортиб, бензин ишлаб чиқаришдаги пасайишгача бўлган кўплаб омилларни санаб ўтиш мумкин. Расмий статистикага кўра, жорий йилнинг дастлабки беш ойида 502 минг тонна автомобил бензини ишлаб чиқарилган бўлиб, бу – ўтган йилга нисбатан атиги 2 фоизга ошган. 2023 ва 2024 йиллар билан таққослаганда эса, бензин ишлаб чиқариш 9–12 фоизга камайиб кетган.

Охирги ойларда Яқин Шарқдаги уруш тўхтагач, жаҳон бозорида нефт нархи сезиларли пасайди, лекин ўзбекистонлик истеъмолчилар асосан Россияга боғланиб қолгани учун бунинг аксига гувоҳ бўляпти. Божхона қўмитасига кўра, бензин импорти охирги бир йилда 85 фоизга ошган. Умуман, турли статистик рақамларни ўзаро таққослаганда, Ўзбекистон бензинга бўлган эҳтиёжининг тенг ярмини импорт ҳисобидан қоплаётгани ойдинлашади. Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Saneg компаниясининг ўша вақтдаги режаларига асосланиб, мамлакатимиз 2-3 йилда нефт бўйича тўлиқ мустақилликка эришиши айтилган эди.

Қонли автоҳалокатлар

Феврал ойида Тошкентда BMW автомобилини бошқариб, ЙПХ инспекторини уриб юборган ва унинг ўлимига сабаб бўлган мактаб ўқувчиси устидан суд жараёни бошланди. Kun.uz манбасига кўра, судланувчи вояга етмаган шахс бўлгани учун иш ёпиқ тарзда кўриб чиқиляпти. Маълум бўлишича, Дониёр Турғунов ўшандан буён ҳамон ҳибсда – унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси сақланиб қолган. Шу билан бирга, дастлаб илгари сурилган “автомобилни олиб қочиш” гумони якуний айблов хулосасига киритилмаган.

Ўлим билан тугаётган шу ва бошқа кўплаб аварияларга қарамай, ҳали ҳам жуда кўп ота-оналар ўсмир фарзандининг бамайлихотир машина ҳайдаб юришига қўйиб беряпти. Шундай ҳодисалардан навбатдагиси 30 июн куни пойтахтнинг Амир Темур шохкўчасида рўй берди: Боғишамол кўчасига бурилишда Kia K5 билан тўқнашган Gentra иккига бўлиниб кетди, оқибатда бир киши ҳалок бўлди. Эътиборлиси, бу ҳолатда K5 автомобилини мактаб ўқувчилари бошқаргани, улар бошқа бир қимматбаҳо машина – Zeekr 9X билан пойга ўйнаб келаётган бўлгани айтилмоқда.

Одамлар ўлими билан боғлиқ яна бир аянчли ҳодиса Андижон шаҳрида рўй берди. Икки невараси билан пиёдалар ўтиш жойидан аёлни катта тезликда келган Malibu уриб юбориши оқибатида, аёл ва унинг бир невараси воқеа жойидаёқ ҳаётдан кўз юмган, иккинчи бола шифохонада оғир операцияни бошдан кечирган. Kun.uz суҳбатлашган қурбонларнинг яқинларига кўра, одамлар ўлимига сабаб бўлган Malibu ҳайдовчиси воқеадан аввалроқ шаҳар кўчалари бўйлаб BMW'даги таниши билан пойга ўйнаб келаётган бўлган (бу BMW'ни фожиа акс этган кадрларда ҳам кўриш мумкин). Ҳозирда Malibu ҳайдовчиси қамоққа олинган ва ҳодиса жойи яқинида пиёдалар учун светофор ўрнатилган. Лекин шугина элементар матоҳ шу пайтгача ўрнатилиши учун иккита одам ўлиши шартмиди, деган савол доимгидек очиқ қолган.

Ҳафта давомида йўллардаги хавфсизлик учун биринчи рақамли масъул шахс алмашди. ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматини роппа-роса икки йил бошқарган полковник Шерзод Ибрагимов юқорироқ лавозимга кўтарилди; энди у – Миллий гвардия қўмондонининг биринчи ўринбосари. Шу пайтгача Ибрагимовнинг ўринбосари бўлиб ишлаб келган Муродбек Шерлиев “республика ГАИ”нинг янги бошлиғи этиб тайинланди. Биз соҳа раҳбарининг алмашиши билан йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида туб ислоҳот бўлишини умид қилган бўлардик, лекин кадрлар рокировкаси айнан шу мақсадда қилинганидан дарак берувчи бирор бир расмий ишора бўлганича йўқ...

Мундиалдаги иштирокка расмий баҳо

Фото: Ўзбекистон футбол ассоциацияси

Ўзбекистон миллий жамоаси ФИФА мундиалидаги илк иштирокини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди. Жамоанинг иштирокига ҳар ким ўзича баҳо беришга ҳақли, бизнинг вазифамиз эса давлатнинг баҳоси қанақа бўлганини қайд этиб қўйишдан иборат. Тармоқда тарқалган миш-мишлар ўз исботини топмай, жамоа аъзоларига қимматбаҳо автомобиллар совға қилинмаган бўлса-да, ҳар ҳолда расмийлар жамоани тўлиқ қўллаб-қувватлашларини билдиришди. Хусусан, бош вазир Абдулла Арипов аэропортдаги кутиб олиш маросимида футболчилар “жасорат билан курашгани”ни айтди, айрим танқидчиларни эса очиқчасига “омадсизлар” ва “диван экспертлари” деб атади.

“Ҳурматли футболчилар, сизларнинг машҳурлигингиз орқали салбий фикрлар билдириб ўзига сохта обрў олмоқчи бўлган, лайк олмоқчи бўлган, ҳар хил омадсиз спортчилар, мутахассис ва диван экспертлари кўп бўлади. Уларни ҳам кечириб юборинглар”, – деди ҳукумат раҳбари.

Бир кун олдин давлат раҳбари ҳам Жаҳон чемпионатидаги натижага ўз муносабатини билдирган эди. Шавкат Мирзиёев миллий жамоамиз кучли рақибларга қарши ўйнагани, Файзуллаев ва Шомуродовнинг голлари халқимизга хурсандчилик бағишлаганини айтаркан, жамоатчиликни “ортиқча ҳис-туйғу билан эътироз” билдирмасликка чақирди.

“Миллий терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатидаги иштироки тўғрисида турли фикрлар билдирилмоқда. Лекин ватанимиз шарафини ҳимоя қилган терма жамоамиз аъзоларига ортиқча ҳис-туйғу билан эътироз билдириш, улардан айб қидириш халқимизга хос иш эмас. Аксинча, бугун уларни қўллаб-қувватлаш, руҳини кўтариш ҳар қачонгидан ҳам муҳим”, – деди президент.

ФИФА нуқтайи назарига кўра, Ўзбекистоннинг дебют иштирокидаги энг ёрқин лаҳза – Элдорнинг Конго ДР дарвозасига киритган голи бўлган. ФИФА сайтида ўтказилган онлайн овоз бериш натижаларига кўра, парашют услубидаги бу гол – чемпионатнинг гуруҳ босқичидаги энг чиройли гол деб тан олинди. Шомуродовнинг бу мукаммал ижроси мухлислар овозини тўплашда Лионел Месси, Килиан Мбаппе ва Винисиус Жуниор каби юлдузларнинг голларини ортда қолди.

Дарвоқе, Тошкентга қайтган делегация орасида бош мураббий Фабио Каннаваро йўқ эди. У аввалроқ журналистларга берган интервюсида АҚШдан тўғри Италияга учиб кетишини айтган ва йигитлар билан энди сентябрда кўришишини билдирганди. Ваҳоланки, журналистлар ва умуман футбол жамоатчилиги у мусобақадан қайтиб матбуот анжумани ўтказиши ва йўл қўйилган хатолар бўйича саволларга жавоб беришини кутаётганди. Қолаверса, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳам Каннаварони чемпионат давомида қабул қилган қарорлари ва чиқарган хулосалари юзасидан юзма-юз ҳисобдорликка чорламагани энг камида ғалати кўринмоқда.

Эслатиб ўтамиз, миллий жамоани олдинда 7 январ куни Саудия майдонларида бошланадиган Осиё кубоги кутмоқда. Ўзбекистон – Баҳрайн, Шимолий Корея ва Иордания билан бирга, анча осон гуруҳдан жой олган.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Ўзбекистон президенти 23 йилда илк марта Гуржистонга ташриф буюрди. Ташриф давомида Ўзбекистон ва Гуржистон етакчилари икки давлат ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларацияни имзолади. Мамлакатимиз Тбилисида ўз элчихонасини очадиган бўлди. Томонлар ўзаро савдони 1 млрд долларга етказиш ҳамда ўзбек юклари учун Поти ва Батуми портлари салоҳиятидан фойдаланишга келишиб олди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Гуржистоннинг олий давлат мукофоти – “Олтин мўйна” ордени билан тақдирланди; Тбилисида Алишер Навоий ҳайкали очилиб, шаҳардаги марказий кўчалардан бирига алломанинг номи берилди.

Ўзбекистонга пул ўтказмаларида Россиянинг улуши қисқаришда давом этмоқда. Марказий банк маълумотига кўра, 2025 йилнинг I чорагида Ўзбекистонга юборилган ҳар 100 долларнинг 78 доллари Россиядан келган бўлса, жорий йил I чоракда бу кўрсаткич 72 фоизгача тушган. Умумий ўтказмаларнинг ўсиши ҳам давом этмоқда: январ-март ойларида Ўзбекистонга пул ўтказмалари 13 фоизга ошиб, 3,8 млрд долларга етган. Бу маблағнинг 4,1 фоизи Қозоғистон, яна 4,1 фоизи Жанубий Корея, 3,3 фоизи Европа давлатларига тўғри келади. Қайд этилишича, йилнинг дастлабки уч ойида Россияда патент асосида ишлаган ўзбекистонликлар сони бироз камайиб, 1 млн 340 минг нафарни ташкил этган.

Тошкент вилоятида иссиқхоналарни демонтаж қилиш ва уларни газдан узиш ишлари бошланди. Бу – пойтахт ҳавосини яхшилаш бўйича аввалроқ қабул қилинган қарор ижроси билан боғлиқ. Жараёнга Экология қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов бош-қош бўлиб турибди. Суратлардан бирида у қўлига “болгарка” олиб, иситиш тармоғини кесаётганини кўриш мумкин. Эслатиб ўтамиз, юқорида айтганимиз қарорга асосан, иссиқхоналар Сурхондарёдаги махсус эркин иқтисодий зонага кўчирилиши керак. Бунда тадбиркорларнинг кўчиш харажатлари қоплаб берилади, кредитлари узайтирилади. Кўчишга рози бўлмаган иссиқхоначилар газдан узилиб, сув солиғини 5 баробар, кўмир ё мазут ёққан тақдирда эса жаримани 20 баробар ставкада тўлашига тўғри келади.

Самарқандда янги темирйўл ўтказилган дамба ўпирилиб тушди. Kun.uz'га келиб тушган видеога қараганда, Зарафшон дарёси суви темирйўл ўтказилган дамбани ювиб кетган, натижада релслар таянчсиз қолган. Ҳодиса Тойлоқ тумани Дўстлик маҳалласи ҳудудида рўй берган. Эътиборлиси, темирйўлнинг бу янги участкаси бор-йўғи 7 ой олдин фойдаланишга топширилган эди. “Ўзбекистон темирйўллари” компанияси лойиҳа тақдимотида айнан Зарафшон дарёси қирғоғидан ўтган темирйўл изларини сув оқимидан ҳимоялаш учун дамба қурилганига алоҳида урғу қаратган. Компания изоҳига кўра, ўпирилишга дарёда сув оқими кескин кучайгани сабаб бўлган.

Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид