Автомобиль йўлларини ўзбошимчалик билан қазиганларга жавобгарлик белгиланяпти
Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар томонидан парламент қуйи палатасида такомилига етказилаётган бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама этилди.
Парламент сайтига кўра, депутатлар дастлаб «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда атрофлича муҳокама қилдилар.
Фракция депутатлари янги ташкил қилинаётган кичик бизнес субъектларига маълум муддат солиқ имтиёзи бериш, мавсумий ишлар билан банд аҳолига мавсумдан ташқари пайтда – тадбиркорлик фаолиятини юритмаган даврда солиқ таътили жорий этиш каби таклифларни илгари сурди. Мазкур таклифлар қонун лойиҳасида ўз аксини топди.
Шунингдек, депутатлар Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари ташаббуси билан киритилган «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилдилар.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш, муҳандислик коммуникацияси тармоқларини қуриш-таъмирлашда шаҳар кўчалари ва бошқа аҳоли пунктларининг йўл қопламасини демонтаж қилиш ҳамда тиклаш бўйича ишларни назорат этишда муҳим омил бўлади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш органлари ваколатларини белгиловчи алоҳида янги 268-4-модда киритиш таклиф этилмоқда. Яъни, автомобиль йўлларини ўзбошимчалик билан қазиш, уларда сунъий нотекисликлар ва тўсиқлар яратиш, автомобиль йўлида ишларни амалга ошириш учун берилган рухсатнома талабларини бажармаслик, шунингдек, йўлларни сақлаш қоидаларини бузиш ва йўл-қурилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишига тааллуқли маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилади.
Мавзуга оид
18:23 / 26.08.2024
Қийноқ оқибатидаги ўлим ҳолатлари учун жавобгарлик кучайтирилади
11:49 / 20.06.2024
Маҳаллий кенгашларга депутатлар орасидан сайланадиган раис бошчилик қилишини назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди
13:23 / 09.04.2024
Депутатлар ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига оид қонунни қабул қилди
15:29 / 27.02.2024