Ўзбекистон | 21:48 / 09.12.2019
10570
3 дақиқада ўқилади

Маҳкумлар меҳнати билан топилган даромадлар миқдори очиқланди

2019 йилнинг 11 ойи давомида озодликдан маҳрум этилган шахслар томонидан 219 млрд сўмлик 66 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 15,2 млрд сўм даромад олинган.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, бу ҳақда ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари – Ишлаб чиқариш-техника бошқармаси бошлиғи Шарофиддинхўжа Усмонов 9 декабрь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилган.

«Озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг меҳнат билан бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори ижросини таъминлаш мақсадида 40 та давлат унитар корхоналари ташкил этилди. Улардан 23 таси ишлаб чиқаришга, 17 таси қишлоқ хўжалигига ихтисослашган.

2019 йилнинг 11 ойи давомида 219 млрд сўмлик 66 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 15,2 млрд сўм даромад олинди. Шундан 168,6 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган давлат унитар корхоналари ҳиссасига тўғри келса, 50,4 млрд сўмлик маҳсулот қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашган корхоналар томонидан етиштирилди», – деди Усмонов.

Шарофиддинхўжа Усмонов

Қайд этилишича, маҳсулотларнинг 30 млрд сўмдан ортиғи ИИВ, 2 млрд сўмлик маҳсулот Мудофаа вазирлиги, 75,2 млрд сўмлик маҳсулот «Ўзшаҳар қурилиш инвест» ҳамда «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ инжиниринг компаниялари буюртмалари асосида ишлаб чиқарилган.

Хусусан, маҳкумлар томонидан Навоий вилоятида ишлаб чиқарилган 2 минг тонна оҳак 155 минг долларга Қозоғистонга экспорт қилинган.

Мутасаддиларнинг сўзларига кўра, 2019 йил 29 январдаги 4138-сонли президент қарори талаблари асосида давлат унитар корхоналарида тикувчилик, бетон маҳсулотлари, мебель, сунъий ва табиий тошлар, қуруқ қурилиш қоришмалари, пойабзал, хўжалик совуни, пластик эшик ва ромлар, пишган ғишт, сувенир маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган 48 та янги цех, бундан ташқари, 10 та давлат унитар корхонаси таркибида алоҳида қурилиш бригадалари ташкил этилган.

«Жазо муддатини ўтаётган 260дан ортиқ маҳкум томонидан 17 та объектда шартнома асосида 50 млрд.дан ортиқ қурилиш ишлари амалга оширилган. Шу билан бирга маҳкумларни касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида «Ҳунарманд» уюшмаси билан ҳамкорликда 1285 нафар маҳкумларга касб-ҳунар сирлари ўргатилмоқда. «Устоз-шогирд» мактабларини тамомлаган 272 нафар маҳкумга сертификат берилди», – дейди Шарофиддинхўжа Усмонов.

Шарофиддинхўжа Усмонов ҳунармандчиликка ўқитилган маҳкумлар ясаган ижод намуналаридан мисоллар келтирди.

Маълум қилинишича, ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси тасарруфидаги қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашган давлат унитар корхоналарига тегишли 26 минг гектардан ортиқ ер майдонида маҳкумлар томонидан пахта, ғалла, шоли, картошка, сабзавот, дуккакли экинлар, чорва моллари учун озуқа етиштирилмоқда. Чорвачилик соҳасида 4 мингдан ортиқ йирик шохли, 23 мингдан ортиқ майда шохли моллар, 400га яқин от, туя ва паррандалар боқилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги мулозимларига кўра, мазкур маҳсулотларнинг барчаси давлат эҳтиёжлари ва ёпиқ турдаги жазони ўташ муассасаларига етказиб берилади.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид