Жаҳон | 23:13 / 09.12.2019
14274
2 дақиқада ўқилади

Парижда Путин ва Зеленский иштирокида “норманд тўртлиги” учрашуви бошланди

Фото: Михаил Метцель/ТАСС

Парижда Украина шарқидаги вазиятни тартибга солиш бўйича “норманд тўртлиги” етакчиларининг музокаралари бошланди. Франция президенти  Эмманюэль Макрон, Россия президенти Владимир Путин, Германия канцлери Ангела Меркель ва Украина президенти Владимир Зеленский иштирокидаги учрашув Елисей саройининг Мюрат залида бўлиб ўтмоқда. 

Учрашув белгилангандан 1,5 соатлик ушланиш билан бошланган. Путин ва Зеленский стол атрофида бир-бирларига қарама-қарши томондан жой олишган.

Музокаралар олдидан етакчилар ўртасида бир қатор икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтган. Путин ва Зеленский Меркель ва Макрон билан навбати билан суҳбатлашишган. 

Учрашувга 3 соат вақт ажратилган, сўнгра унинг якунларига бағишланган матбуот анжуман бўлиб ўтади.

Матбуот анжумандан сўнг Россия ва Украина президентлари алоҳида учрашув ўтказадилар. Бу уларнинг илк юзма-юз учрашуви бўлади.

Учрашув матбуот учун ёпиқ ҳолда ўтмоқда. Макрон ва Зеленский илк бор бундай учрашувда иштирок этишмоқда.

Учрашув ўтаётган залда 2015 йил 2 октябрда “норманд тўртлиги”нинг аввалги музокараларидан бири ўтказилган. Ўша учрашувда Путин ва Меркелдан ташқари, Франция ва Украинанинг ўшандаги президентлари Франсуа Олланд ва Пётр Порошенко иштирок этган.

Донбассдаги ихтилофни тинчлик билан тартибга солиш негизида Минск келишувлари ётади. Улар ўт очишни тўхтатиш, қуролни олиб кетиш, афв этиш, иқтисодий алоқаларни тиклаш, Украинада Донецк ва Луганск вилоятларининг алоҳида мақомини ҳисобга олган ҳолда марказсизлаштириш бўйича чуқур конституциявий ислоҳотлар ўтказилишини кўзда тутади. 

“Норманд тўртлиги”нинг аввалги саммити 3 йил аввал, 2016 йил 19 октябрда Берлинда бўлиб ўтганди. Ўша саммит якунларига кўра, 4 давлат ташқи ишлар вазирликларига Минск келишувларини бажариш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқиш вазифаси топширилганди.

 

Мавзуга оид