Солиқ тўловчиларга бир қатор имтиёзлар берилмоқда
Парламент қуйи палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтда. Унда Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритилган бир қатор қонун лойиҳалари депутатлар томонидан муҳокама қилинди.
Фракция аъзолари иккинчи ўқишга киритилган «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасига эътибор қаратдилар.
Солиқ кодексининг янги таҳрири солиқлар сонини камайтиришдан ташқари, солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтиришга, солиқларни ҳисоблаш, тўлаш механизмини такомиллаштириш, солиқларнинг барча элементларини аниқлаштириш ва тартибга солишга қаратилган. Солиқ тўловчиларга солиқ режимини танлаш, уларни тўлаш тартиби каби имтиёзлар тақдим этилмоқда.
Солиқ кодекси лойиҳасига киритилаётган ўзгаришлар солиқ тўловчининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, мамлакатда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, натижада тадбиркорлик фаолиятининг эркинлигини таъминлашга ёрдам беради. Хўжалик юритувчи субъектларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини оширади ҳамда Давлат бюджетининг даромад қисмининг ошишига ижобий иқтисодий таъсир кўрсатади.
Бу иқтисодиёт ва хўжалик субъектлари учун солиқ юкини янада камайтириш, солиқ ставкаларининг узоқ муддат ўзгармаслигини кафолатлаш ҳамда солиқ тўловчиларни бу борадаги ўзгаришлар юзасидан олдиндан хабардор қилиш, шунингдек, тадбиркорлардан солиқ мажбуриятини тўлиқ бажаришни талаб қилиш билан бирга, уларнинг манфаатларини ҳимоялаш ҳамда «Солиқ – 2025» стратегиясини ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этиши таъкидлаб ўтилди.
Фракция аъзоларининг фикрича, корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган илмий-тадқиқот ва инновацион ишларни солиқ имтиёзлари орқали рағбатлантириш лозим.
Депутатлар қонун ташаббускорлари ҳамда масъул қўмита — Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоларидан лойиҳада назарда тутилаётган бир қатор нормалар ва ноаниқликлар юзасидан тушунтириш беришни талаб қилдилар. Муҳокамалар натижасида берилган саволлар юзасидан аниқ жавоблар олинди ҳамда йиғилиш якунида «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда маъқулланди.
Мавзуга оид
18:23 / 26.08.2024
Қийноқ оқибатидаги ўлим ҳолатлари учун жавобгарлик кучайтирилади
11:49 / 20.06.2024
Маҳаллий кенгашларга депутатлар орасидан сайланадиган раис бошчилик қилишини назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди
13:23 / 09.04.2024
Депутатлар ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига оид қонунни қабул қилди
13:26 / 30.03.2024