Жамият | 18:09 / 09.12.2019
24932
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда оёғига қарата ўқ узилган ҳайдовчига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

Тошкент шаҳрида маст ҳолатда йўл-транспорт ҳодисаси содир этган ва ички ишлар ходимларига қурол билан пўписа қилган ҳамда ўзи оёғидан жароҳат олган ҳайдовчига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Тошкент шаҳар прокуратураси расмий маълумотига кўра, 2019 йил 8 декабрь куни тахминан соат 03:10ларда Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Муқумий-Лутфий кўчалари кесишган чорраҳасида И.Н.К. “Дамас-Лабо” русумли автомашинасини маст ҳолда бошқариб, йўл транспорт ҳодисасини содир этган.

Ҳодиса жойига етиб келган Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ ходимлари автомашина ҳайдовчисига ёрдам кўрсатмоқчи бўлганида, И.Н.К. уларга фаол қаршилик кўрсатиб, уларни ҳақоратлаб, ўзи билан олиб келган ошхона пичоғи билан қуролланиб, безорилик ҳаракатларини олдини олиш чораларини кўрган ходимларга қаршилик кўрсатган.

Пойтахт ИИББ томонидан тарқатилган хабарда айтилишича, ЙПХ инспектори кичик сержант Т.О. табель қуролини қўллашга қарор қилган. У йўриқномага мувофиқ ҳаракат қилиб, осмонга ўқ узган, бу ҳам қоидабузарга таъсир қилмаганидан сўнг, унинг оёғига қарата ўқ узган. Фақатгина шундан сўнг қоидабузар пичоғини ташлади. Унинг қўллари кишанланиб, тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага етказилган.

Шаҳар прокуратурасига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор туман прокуратураси томонидан 2019 йил 8 декабрь куни Н.К.И. Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинган.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилади.

Мавзуга оид