Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Британиялик лорд: «Ўзбекистонда сайлов адолатли ўтгани ҳақидаги ҳисоботларни кутиб қоламиз»
6 декабрь куни Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасида «Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва парламент сайловлари» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Kun.uz мухбири анжуман қатнашчиларининг мавзу юзасидан фикрлари билан қизиқди.
Питер Лиллей, Буюк Британия парламентининг Лордлар палатаси аъзоси:
– Ҳозирда Ўзбекистонда бўлаётган ислоҳотларга ҳамда кутилаётган сайловларга эътибор жуда юқори. Буни албатта ижобий ҳолат сифатида баҳолаш мумкин. Биз Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги Европа ва Америка минтақалари бўйича масъул собиқ вазир сер Алан Дунканни кузатувчилар сафида боришига келишиб олдик. У бошқа кузатувчилар каби сайловни кузатиш, овоз бериш жараёнида махфийликнинг таъминланиши, овозлар ҳисоб-китоб қилинаётганда камчиликларга йўл қўйилмаслиги ҳамда партия вакиллари ўртасида эркин мунозаралар ташкил этилишига эътибор қаратади.
Биз кузатувчилардан сайловларнинг адолатли ташкил этилганлиги тўғрисидаги ҳисоботларни кутиб қоламиз.
Сайловлар мамлакатнинг жаҳон ҳамжамиятига очилиб боришида, фуқаролар сиёсий фаоллигини оширишда ва хорижий тадбиркорлар ўз фаолиятларини мамлакат билан бемалол ҳамкорликда давом эттиришини кафолатлашда ишончли восита ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб айтишим мумкинки, бу – Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсатини намоён қилишида асос бўлиб хизмат қилади.
Демократик жамиятни шакллантиришга юзлаб йиллар кетади аслида. Сизнинг мамлакатингиз бу жараённи тезлаштиришга интилмоқда. Умид қиламанки, Ўзбекистон фуқароларининг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда иш кўрувчи етук давлат сифатида шаклланади; демократик жамиятнинг асл моҳияти ҳам айнан шунда, деб ўйлайман.
Сэр Алан Дункан, британиялик собиқ вазир ва парламент аъзоси:
– Фикримча, тадбир жуда сермаҳсул ўтди. Айни вақтга келиб кўплаб одамлар Ўзбекистоннинг янада ижобий томонга ўзгараётганига, ислоҳотларнинг бардавом эканлигига ҳамда мамлакатнинг жадал суръатларда ривожланишига ишонч билдирмоқда. Юртингизда декабрь ойида бўлиши кутилаётган парламент сайловлари олдидан бугунги матбуот анжуманининг ташкил этилиши жуда ҳам яхши бўлди, деб ўйлайман.
Сайловларга нафақат сиёсий воқелик сифатида, балки мамлакатнинг кейинги тақдирини белгилаб берувчи, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар оқимини йўналтирувчи, сўз эркинлигини таъминловчи жараён сифатида қараш керак.
Кузатувчи сифатида сайловларда табиий равишда эътибор берадиган жиҳатим, албатта, одамларнинг овоз бериши ва ушбу овозларнинг тўғри ҳисоб-китоб қилиниши, бундан ташқари шаклланаётган сиёсий жараёнга бевосита гувоҳ бўлишдан иборат.
Элдор Туляков, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, «Тараққиёт стратегияси» маркази раҳбари:
– Кутилаётган парламент сайловларида илгари сурилаётган ғоялар ва ташаббусларнинг амалиётга татбиқ этилишини назорат қила оладиган, юқори салоҳиятга эга депутатлар сайланиши тарафдоримиз. Буни ҳозир халқ кутяпти.
Бу йилги сайловларда Ўзбекистонга 600дан ортиқ кузатувчилар ташриф буюришади – олдин ҳеч қачон бундай бўлмаган. Улардан 300дан ортиғи – Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти кузатувчиларидир.
Узоқ ва қисқа муддатли кузатувчилар келишяпти. Узоқ муддатли кузатувчилар ҳозир Ўзбекистонда. Қисқа муддатли кузатувчилар эса сайловларга 2-3 кун қолганда келиб, 1-2 кундан кейин кетишади.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонга таклиф қилинган ва ўз хоҳиши билан кузатувчи сифатида келаётганлар қатори ва қамрови жуда кенг. Дунёнинг турли чеккаларидан – Америкадан, Европанинг турли мамлакатларидан, МДҲ давлатларидан, Осиёнинг йирик давлатларидан келишмоқда.
Шу жумладан, Буюк Британиядан ҳам бир қатор экспертлар қатнашади. Банк муассасаларидан вакиллар ва нуфузли сиёсатчилар шулар жумласидандир.
Бу йилги сайловларда «ақл марказлари»дан ҳам («Think Tank») вакиллар қатнашмоқда. Уларнинг иштироки Ўзбекистонда бўлаётган ислоҳотлар ҳақида ўз юртларига ҳам етказишга ёрдам беради. Улар ўз кўзи билан сайловлар қанчалик адолатли ўтганини кўришади ва бунга баҳо бериб, ўзлари эмин-эркин ўз мамлакатларига маълумот етказиб беришади. Бу, албатта, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг сайловларни ўтказиш борасидаги обрўсига ижобий ҳисса қўшади, деган умиддамиз.
- «Парламент довюрак бўлиши керак». Сафоев сайлов, унга ҳокимлар аралашуви ва янги импорт божлари ҳақида
- Содиқ Сафоев: «Янги мақсадларга эски тизим билан эришиб бўлмайди»
Мавзуга оид
18:06 / 17.06.2026
Шавкат Мирзиёев лорд Стоквуд бошчилигидаги Британия делегациясини қабул қилди
10:30 / 16.06.2026
BBC ва FT: Стармер билан боғлиқ ёнғинлар ортида Россия изи бўлиши мумкин
23:06 / 15.06.2026
Британияда 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлар тақиқланади
19:31 / 14.06.2026