Жамият | 13:04 / 11.12.2019
5635
2 дақиқада ўқилади

2019 йилда 116 киши одам савдоси жинояти билан айбланган, уларнинг 88 фоизи аёллар – ИИВ

Ички ишлар вазирлиги Ноқонуний миграция ва одам савдосига қарши курашиш бошқармаси масъул ходими Беҳзод Мамажоновнинг маълум қилишича, 2019 йилнинг 11 ойида 116 киши одам савдоси билан боғлиқ жиноятда айбланиб, тергов қилинган. Вазирлик мулозими бу ҳақда 11 декабрь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтиб ўтди.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

«2019 йилнинг ўтган даври мобайнида жами 116 киши мана шу турдаги жиноятни содир қилгани учун айбланувчи сифатида терговга жалб этилган. Уларнинг айбдор ёки айбсизлигини суд ҳал қилади. Одам савдоси билан боғлиқ жиноятда айбланаётганларнинг 88 фоизи, минг афсуски, аёлларни ташкил қилади», дея Беҳзод Мамажоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тадбирда Ўзбекистонда одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг фақат битта тури – чақалоқлар савдоси кузатилиши, хориждаги ўзбекистонликлар эса асосан мажбурий меҳнат ва аёлларни фоҳишабозлик ёки шаҳвоний эксплуатация қилиш учун мажбурий ёки ҳийла ишлатиб ёллаш қурбони бўлиши айтилди.

«Одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг бошқа давлатларда кузатилаётган янги кўринишларини мунтазам ўрганиб, таҳлил қилиб борамиз. Бу борада халқаро ташкилотлар билан доимий алоқадамиз. Мазкур масалада жуда кўп тренинглар ўтказилади. Бунда бизда одам савдоси трансмиллий жинояти қурбонларини қандай қилиб тузоққа туширилиши, ушбу жиноятларнинг янги турлари ҳақида маълумот берилади, тренинглар давомида бу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича ўзаро тажриба алмашамиз», дейди Беҳзод Мамажонов.

Таъкидланишича, 2019 йилда Ўзбекистонда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар сони 24 фоизга аввалги йилга нисбатан камайган. 2017 йилда 300та, 2018 йилда 123та, 2019 йилда эса 80та одам савдоси билан боғлиқ ҳолат аниқланган.

Мавзуга оид