Жаҳон | 08:50
836
2 дақиқада ўқилади

59 мамлакатда одам савдоси тармоқларига зарба берилди

Интерпол координациясида ўтказилган йирик халқаро операция давомида дунё бўйлаб одам савдоси билан шуғулланган 1000 дан ортиқ шахс ушланди. Амалиёт натижасида 2000 дан зиёд жабрланувчи аниқланган, уларнинг айримлари фоҳишалик, тиланчилик ва жиноий фаолиятга мажбурланган.

Фото: Reuters

Одам савдосига қарши халқаро тармоқларга қаратилган кенг кўламли амалиёт давомида 59 давлат полицияси бутун дунё бўйлаб мингдан ортиқ кишини ҳибсга олди. Интерпол маълумотига кўра, қўлга олишлар Африка, Шимолий ва Жанубий Америка, Европа ҳамда Осиёда беш кун давомида амалга оширилган.

Global Chain — “Глобал занжир” код номи остида ўтказилган операция Руминия ва Австрия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ташкил этилган. Амалиёт Интерпол, Европол, Америпол ва Европа чегара назорати агентлиги — Frontex координациясида ўтказилган.

Интерпол маълумотларига кўра, операция давомида одам савдосининг 2000 дан ортиқ қурбони аниқланган. Улар орасида фоҳишаликка, тиланчиликка, шунингдек, жиноий фаолиятда иштирок этишга мажбурланганлар ҳам бор.

Жабрланганларнинг аксарияти Аргентина, Колумбия, Венесуэла, Молдова ва Непал фуқаролари экани билдирилган. Уларнинг 10 фоизи вояга етмаганлар бўлган. Жиноий гуруҳлар асосан ижтимоий жиҳатдан заиф қатлам вакилларини нишонга олган. Улар одамларни алдаш ёки мажбурлаш орқали бошқа давлатларга, ҳатто бошқа қитъаларга олиб чиқиб кетган.

Хусусан, Бразилияда одамларни Камбожага юбориб, интернет фирибгарлиги билан шуғулланувчи марказларда ишлашга мажбурлаган халқаро жиноий тармоқ фаолиятига чек қўйилган.

Белгияда эса интернет орқали вояга етмаганларни ёллаб, кейин уларни Белгия ва Францияда фоҳишаликка мажбурлаганликда гумонланган 17 киши қўлга олинган.

Интерпол одам савдоси ҳамон дунёдаги энг даромадли ва кенг тарқалган уюшган жиноят турларидан бири бўлиб қолаётганини таъкидлади. Ташкилотга кўра, бундай жиноятларга қарши кураш ҳам глобал, мувофиқлаштирилган ва қатъий бўлиши керак.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид