Жамият | 17:01 / 12.12.2019
1515
2 дақиқада ўқилади

Бухорода «Ashrafi World Music–2019» халқаро маданий акцияси бўлиб ўтмоқда

Буюк ўзбек композитори Мухтор Ашрафийга бағишланган ва Ўзбекистонда кўп йиллик анъанага айланган хотира кечалари бу йил Бухорода ҳам бўлиб ўтмоқда. Ушбу хотира акцияси Бухоро вилояти ва Бухоро шаҳри ҳокимлиги томонидан амалга оширилган.

Ўзбек композитори Мухтор Ашрафий

Тошкент (11 июнь) ва Қозонда бўлиб ўтказилган (12 июнь; илк бор) халқаро акция 11 декабр куни Бухорода ҳам бошланди ва 13 декабргача бўлиши режалаштирилган. 

Бухоронинг 350-йиллик тарихига эга машҳур Бозори гул кўчасида Мухтор Ашрафий таваллуд топган уй пештоқига хотира тахтаси ўрнатилиб, акция доирасида тантанали тадбир ўтказилди.  

Шунингдек, Бухоро ихтисослаштирилган санъат мактабида «Мухтор Ашрафий ва жаҳон мусиқаси» концерти ўтказилди. Дастурда – «Шашмақом», бухорча Мавриги, Фикрет Амиров, Мустафо Бафоев ва, албатта, буюк маэстро Ашрафий асарларидан намуналар шунингдек, Ашрафий домлага бағишланган джаз композицияси, номаълум романс, ҳарбий марш ижро этилди. Уларга композиторнинг шогирди, Ўзбекистон халқ артисти Сулаймон Шодмонов дирижёрлик қилди. 

Концертдан олдин Ҳиндистон, Франция, Россия, Латвия, Исроил, Украина, Озарбойжон, Тожикистон, Индонезия ва бошқа давлатлар элчихоналарининг табриклари ўқиб эшиттирилди. 

Тошкентдаги Ашрафий уй-музейининг билдиришича, келгусида шунга ўхшаш тадбирлар ўз географиясини янада кенгайтиради, янги халқаро лойиҳалар амалга оширилади, таниқли хорижий жамоалар жалб этилади. Шунингдек, Ашрафийнинг Россия, Ўзбекистон ва Тожикистондаги архивларда сақланаётган баъзи ноёб асарлари рақамлаштирилади ва мухлисларга тақдим этилади. Йилнинг охиригача харбий оркестр Ашрафий маршларини ёзиб олиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Ашрафий – Жавоҳарлал Неру ва Жамол Абдул Носир халқаро мукофотлари лауреати, симфониялар, опералар, балетлар муаллифи. Буюк ўзбек маэстроси уруш йилларида Сталин мукофотидан воз кечиб, пулларни авиаэскадрилия ва танк колоннасини қурилишига сарфлаган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид