Жаҳон | 22:21 / 12.12.2019
6126
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда бангладешлик муҳожирларга фуқаролик берилишига қарши намойишлар тартибсизликларга айланиб кетди

Расмий Нью-Деҳли Афғонистон, Покистон ва Бангладешдан келган ноқонуний муҳожирларга фуқаролик олишга рухсат берди. Бироқ Ҳиндистон парламенти томонидан қабул қилинган тузатмаларда фуқароликни фақатгина мусулмон бўлмаганлар олиши мумкинлиги қайд қилиб ўтилган. Бу ҳолат Ҳиндистоннинг мусулмон аҳолиси кўпчиликни ташкил қилувчи Ассам ва Трипура штатларида норозилик намойишлари келтириб чиқарди.

Намойишчилар уларнинг ерларига бангладешлик юз минглаб ҳиндлар ёпирилишидан хавотирланишмоқда. Намойишлар тартибсизликлар билан ўтган: намойишчилар автомобилларга ўт қўйишган, йўлларни тўсиб, полиция билан тўқнашувларга киришишган. Полиция бунга жавобан махсус воситалар, жумладан кўзни ёшлатувчи газ қўллашга мажбур бўлган. Таъкидланишича, тартибсизликлар оқибатида 30 га яқин одам жабрланган.

Шунингдек, полициячилар намойишчиларни тинчлатиш учун ўқсиз патронлар отишган. Полицияга ёрдамга армия кучлари жўнатилган, ҳудудда комендантлик соати киритилиб, интернет ва мобил алоқа ишламаяпти.

Ҳиндистоннинг мусулмон ташкилотларида янги меъёрлар таҳқирловчи ҳисобланиши айтилган. Ҳиндистон ҳукмрон партиясида бунга жавобан таъкидланишича, қонун қочқинларни диний эътиқод учун таъқиб қилинишдан ҳимоялашга қаратилган. 

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди “ассамликлар”ни хавотирланмасликка чақирган. Модининг таъкидлашича, у ва марказий ҳокимият 115 элат вакиллари яшовчи Ассам штати аҳолисининг сиёсий, лингвистик, маданий ва ҳудудий ҳуқуқларини конституциявий йўл билан ҳимоялай олади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид