23:23 / 12.12.2019
1
16223

ИИВ «Human» иши бўйича судда жабрланувчилар иштироки тартибига аниқлик киритди

«Human xususiy bandlik agentligi» МЧЖ фаолиятига оид суд жараёнида хорижга кетиш орзусида турли миқдордаги маблағларга чув тушган фуқаролар Олий суд судида қатнашмайди. Бу ҳақда Тошкент шаҳридаги Интерпол миллий марказий бюросида ИИВ томонидан «Human xususiy bandlik agentligi» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Маълум қилинишича, улар ўз ҳудудларидаги вилоят судларида ташкил этиладиган видеоконфренцалоқа воситалари орқали иштирок этишади.

«Олис суд томонидан фуқароларга ушбу иш қачон, қаерда ва қай тартибда кўрилиши бўйича расмий маълумот берилади. Шуни айтишим мумкинки, жабрланувчилар республиканинг турли ҳудудларидан эканлигини инобатга олган ҳолда суд мажлисида ўзлари яшаб турган вилоят марказларидаги судларда бўладиган видеоконфренцалоқа воситалари ёрдамида иштирок этишади. Ҳеч ким Тошкентга келиб-кетиб юрмайди.

Суд томонидан чақирилганда, айтилган муддатга уюшган тартибда бориб, ўз кўрсатмаларингизни видеоконфренцалоқа воситалари ёрдамида бериш сўралади. Тезроқ кўрсатма берилса, суд томонидан ҳам қонуний қарор тезроқ чиқади», дея ИИВ Тергов департаменти бошлиғи ўринбосари Ойбек Қулбековнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

ИИВ расмийсининг айтишича, айни пайтда «Korean and migration» ҳамда «Profelite IMP» хусусий бандлик агентликлари бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб бориляпти.

Тадбирда агентликнинг айрим ҳудудлардаги вакиллари ҳамда алданган фуқаролар ҳам қатнашди.

«Human xususiy bandlik agentligi» МЧЖнинг бир муддат Фарғона вилоятидаги вакили бўлиб фаолият юритган Иномжон Аъзамовнинг айтишича, у ҳам фирма раҳбариятининг фикрларига ишониб, ҳамкорликда ишлашга рози бўлган.

«Агентликнинг Фарғонадаги вакили сифатида 10 ой менежер лавозимида ишладим. Шартнома тузишаётганда бизни ҳам ишонтиришган. Бир қанча давлат билан имзолаган шартномаларини кўрсатишган. Фаолиятим давомида 87 нафар фуқаро билан шартнома тузганман. Улар билан ҳалигача алоқадаман. Ярми қариндош-уруғим, синфдошларим бўлади.

Агентлик фаолияти бўйича қилинаётган ишларни тез-тез оммага тақдим этсаларингиз яхши эди. Чунки пул бериб, алданган фуқаролар бизнинг гапимиздан кўра, сизнинг маълумотларингизга кўпроқ ишонишади, турли намойишлар ўтказиш фикридан қайтишади. Суд қачон ўтказилиши, улар пулини қандай олиши ҳақида ҳам маълумотлар очиқ ҳавола қилиниб борилса, деган фикрдаман. Ҳар куни 30-40 нафарининг саволига жавоб қайтараман.

«Human» фаолияти юзасидан бўлган тергов жараёнларида қатнашдим. Агентлик томонидан пластигимга туширилган ойликлар ва мукофот пуллари ҳужжатларини фирма бухгалтерлари йўқ қилиб юборишганми, тергов пайтида буни исботлай олмадим. Натижада судгача бўлган вақт учун вақтинча ИИВ депозитига 50 миллион сўм қўйдим. Бу маблағни уйимдаги бор-будимни сотиб, қарз-ҳавола орқали йиғгандим», дейди Иномжон Аъзамов.

Бундан аввалроқ Бош прокуратура «Human» агентлиги мансабдор шахсларига нисбатан очилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари якунланиб, иш судга оширилгани ҳақида хабар берганди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top