20:15 / 12.12.2019
0
21640

Россия флотининг энг йирик ҳарбий кемасида ёнғин чиқди

Россия флотининг энг йирик ва ягона авиаташувчи кемаси “Адмирал Кузнецов”да ёнғин чиқди. Кема ҳозирда Мурманскдаги кема таъмирлаш заводида модернизациядан ўтказилмоқда. “Адмирал Кузнецов” Россия ҳарбий флотининг байроқдор кемаси ҳисобланади.

Адмирал Кузнецов авиаташувчи кемаси

Ёнғин кеманинг энергия таъминоти бўлмасида пайвандлаш ишлари вақтида бошланган. Бу вақтда кемада завод ходимлари билан бирга таъмирлаш ишларини назорат қилаётган ҳарбийлар бўлган.

Охирги маълумотларга кўра, ёнғин вақтида 11 киши жароҳат олган, 3 киши бедарак йўқолган.  

Маълум қилинишича, ёнғин 600 квадрат метрга яқин жойни қамраб олган.   

Фото:ТАСС

Кемани қуриш Қора денгиз кемасозлик заводида 1982 йилда бошланган. 1985 йилда у сувга туширилган. Кема 50 тага яқин парвоз қурилмасини олиб юра олади. Унинг қуролланишига “Гранит” ракеталари, “Клинок” зенит-ракета ва “Каштан” ракета-замбарак мажмуалари, автоматик артиллерия қурилмаси киради.

Кеманинг узунлиги 306 метрни, эни 72 метрни, баландлиги 64,5 метрни, тўлиқ сув сиғимдорлиги 59100 тоннани ташкил қилади. 45 кунгача автоном тарзда суза олади. Экипажи 1960 кишидан иборат.  

АҚШнинг Business Insider нашри 2018 йилда кемани дунёнинг энг ёмон авиаташувчи кемалари рейтингида 2-ўринга қўйганди. Унинг заиф томони сифатида куч қурилмаси кўрсатилган. Антирейтингнинг 1-ўрнига эса Хитойнинг “Ляонин” кемаси “лойиқ топилган”. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top