Ўзбекистоннинг туризм борасидаги ютуқ ва камчиликлари муҳокама қилинди
«Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини 30 ёшдан кичик бўлган ёшлар ташкил этади. Бу эса иқтисодий ўсиш учун, хусусан, Ўзбекистон интилаётган мақсад ─ туризм орқали ривожланиш учун керакли асосий ютуқдир. Бундан самарали фойдаланиш, ёшларни туризм таълимига тўғри йўналтира олиш, жаҳон стандартлари бўйича кўникма ҳосил қилдириш керак», деб ҳисоблайди Туризм ва меҳмондўстлик конфедерацияси (Буюк Британия) ҳамкорлик алоқалари бўйича директори Саймон Кливер.
12 декабрь куни «Туризм ва меҳмондўстлик таълимидаги халқаро стандартлар, туризмнинг ривожланиши учун янги имкониятлар» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистоннинг туризм соҳасини ривожлантиришда манфаатдор томонлар: меҳмонхоналар, сайёҳлик агентликлари, туризм бўйича кадрлар тайёрловчи Лондон бизнес олий мактаби ва хорижий экспертлар иштирок этишди. Давра суҳбатида Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти ҳамда туризм таълимига олиб кириш керак бўлган янги тенденциялар хусусида сўз юритилди.
Саймон Кливер Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш борасидаги муаммоларни санаб ўтди.
«Туризм гуллаб-яшанаши учун бу соҳада хизмат кўрсатувчи персонал инглиз тилини аъло даражада билиши лозим. Зеро, инглиз тили бутун дунёнинг асосий мулоқот тилига айланган. Шунингдек, меҳмонхоналарнинг халқаро стандартларга жавоб бериши, менежерларнинг юқори салоҳиятли маҳаллий аҳоли вакилларидан бўлишини таъминлаш керак. Яхши бир меҳмонхонани чет элдан келган менежер бошқарса ғалати-ку, маҳаллий ёшлар ўртасида ҳам бу ишни қойилмақом уддалайдиганлар топилади.
Яна бир нарсага диққатни қаратмоқчиман. Ўзбек ошхонаси жуда ранг-баранг ва ажойиб. Аммо ошпазлар маҳаллий ошхонадан ташқари чет эл таомлари борасида ҳам маҳоратли бўлиши лозим. Чунки сайёҳнинг таъби турлича бўлиши мумкин», дея Саймон Кливернинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, йўлларнинг сифати, транспорт хизматларининг аъло даражада бўлиши, қатнов йўллари бўйида керакли инфратузилма ─ дўкон, овқатланиш шохобчалари, ҳожатхона кабиларнинг талаб даражасида бўлиши ҳам туризм салоҳиятида ҳал қилувчи омиллардан саналади.
«Тўғри, бу ишларни амалга ошириш анчагина меҳнат ва маблағни талаб этади. Лекин агар булар ўз ўрнида бўлса, кутилганидан ҳам кўра кўпроқ натижа ва даромад олиб келиши мумкин», дея қўшимча қилди у.
Тошкентдаги Лондон бизнес олий мактаби академик директори Славомир Вроблевски Ўзбекистонда туризм ривожи учун нимага диққат қаратиш хусусида ўз фикрларини билдирди.
«Статистикага кўра, Ўзбекистонга сайёҳлар энг кўп Хитойдан ташриф буюришади. Хўш, шундай экан, хитойлик меҳмонлар учун махсус хизматлар, дастурлар мавжудми? Хитой тилида биронта маълумотнома чиқарилганми? Катта эҳтимол билан йўқ. Ваҳоланки, потенциал аудиториянинг қизиқишларига мос бўлган хизматларни яратиш лозим.
Яна бир нарсани инобатга олиш керак ─ одамлар бирор давлатга фақатгина дам олиш учун боришмайди. Иш юзасидан ҳам келиши мумкин. Бундай бизнес туризми мавсумий эмас, йил давомида мавжуд бўлади. Шунинг учун бизнес туризми учун ҳам керакли муҳитни яратиш керак», дейди Славомир Вроблевски.
Мавзуга оид
16:31
Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида биринчи темирйўл саёҳат дастури бошланади
23:32 / 13.11.2024
Флоренция «ҳаддан зиёд туризм»га қарши кураш бўйича янги чоралар қабул қилди
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
10:26 / 03.11.2024