07:42 / 13.12.2019
1
88675

Президент фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш тартиби бўйича янги қарор имзолайди

Фото: Norma.uz

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга чақириш тартиби янада такомиллаштирилади. Президентнинг бу ҳақдаги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга чақириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади. Низомга кўра, чақирилувчиларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш тадбирларини ўтказиш учун Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг офицерлар таркибига мансуб ҳарбий хизматчиларидан (ходимларидан) иборат Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармалари ҳузурида Раҳбарият кенгаши, туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўйича бўлимлари ҳузурида Қуролли Кучларни бутлаш комиссиялари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармалари ҳузурида Мудофаа вазирлиги ҳарбий госпиталлари ҳарбий-тиббий комиссиялари ҳамда чақирилувчиларни муқобил хизматга чақириш, сафарбарлик чақируви резерви хизматига олиш, ҳарбий хизматга чақиришни кечиктириш ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига ва захирага ўтказиш учун туман ва шаҳарларда тиббий ва ҳудудий комиссиялари тузилади.

Раҳбарият кенгаши таркиби:

Раҳбарият кенгаши раиси – ҳарбий округ қўшинлари қўмондонларининг ўринбосарлари (ҳарбий-маъмурий сектор раҳбарининг ўринбосарлари).

Раҳбарият кенгаши таркибига қуйидаги вазирлик ва муассаса вакиллари киритилади:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармалари, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Миллий гвардия, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқармалари бошлиқларининг ўринбосарлари, ҳарбий округ бошқарув аппаратларининг тегишли бошқарма ва хизматлар бошлиқлари, мудофаа ишлари бошқармалари бошлиқлари ҳамда қабул қилинган қарорлар ҳисобини юритиш учун котиб (ҳарбий округ вакили);

Ҳарбий - тиббий комиссия таркиби:

Мудофаа вазирлиги ҳарбий госпиталларидан:

ҳарбий - тиббий комиссия раиси – мутахассис шифокор (ҳарбий хизматчи);

терапевт (ҳарбий хизматчи);

жарроҳ (ҳарбий хизматчи);

невропатолог (ҳарбий хизматчи);

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудий бошқармаларидан - отоларинголог, офтальмолог ва психиатр шифокор - мутахассислари.

Бутлаш комиссияси таркиби:

бутлаш комиссияси раиси – ҳарбий округ бошқарув аппаратининг тегишли бошқарма ва хизматлар бошлиқлари, ҳарбий қисм командирлари ва уларнинг ўринбосарлари;

Бутлаш комиссияси таркибига Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари ҳамда қабул қилинган қарорлар ҳисобини юритиш учун Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги вакили (котиб) киритилади.

Ҳудудий комиссияси таркиби:

ҳудудий комиссияси раиси - туман, шаҳар ҳокимининг ўринбосари;

ҳудудий комиссия раисининг ўринбосари – мудофаа ишлари бўлими бошлиғи;

ҳудудий комиссияси аъзолари:

туман, шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғининг ўринбосари;

чақирилувчиларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгаши раисининг биринчи ўринбосари;

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг ҳудудий кенгаши вакили;

ҳудудий комиссияси катта шифокори;

ҳудудий комиссияси котиби.

Туман (шаҳар) тиббий комиссия таркиби соғлиқни сақлаш ҳудудий бошқармаларидан ажратиладиган жарроҳ (катта шифокор), терапевт, дерматовенеролог, жарроҳ, стоматолог, офтальмолог, отоларинголог ва невропатолог каби шифокор-мутахассисларидан иборат бўлади.

Раҳбарият кенгаши ва комиссиялар учун иш фаолиятининг боши ва якуни этиб қуйидаги муддатларда белгилаб қўйилади:

мудофаа ишлари бўлимлари ҳузуридаги тиббий комиссиялар учун ҳар йили 15 февралдан 30 апрелгача;

бутлаш комиссиялари учун ҳар йили 15 февралдан 25 мартгача;

ҳарбий тиббий комиссиялар учун ҳар йили 20 февралдан 30 мартгача;

Раҳбарият кенгаши учун ҳар йили 20 февралдан 30 мартгача;

ҳудудий комиссиялари учун ҳар йили 1 мартдан 30 апрелгача.

 Раҳбарият кенгашининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

чақирилувчиларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш жадвалини тасдиқлаш;

бутлаш комиссиялари аъзоларининг услубий тайёргарлигини ташкиллаштириш;

чақирилувчиларнинг жисмоний тайёргарлиги, фикрлаш қобилияти, тафаккури, фидойилиги, қизиқишлари ва бошқа хусусиятларини инобатга олган ҳолда уларнинг бутлаш комиссияси томонидан қўшин турларига тўғри тайинланганлигига баҳо бериш;

ҳарбий - тиббий комиссия томонидан ҳарбий хизматга яроқли деб топилган чақирилувчиларни қўшин тури командаларига тайинлаш бўйича қарор қабул қилиш;

чақирилувчиларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш;

жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва жамоат ташкилотларининг чақирилувчиларни йиғиш ва тантанали равишда ҳарбий қисмларга юбориш бўйича тадбирларни ўтказишда ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш;

бутлаш, ҳарбий тиббий, туман (шаҳар) тиббий комиссиялари учун жойларда зарурий шарт-шароитларни яратиш, дори-дармонлар, тиббиёт ва хўжалик мол-мулклари билан таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ишларини ташкил қилиш;

муддатли ҳарбий хизматга чақириш ишларининг ошкоралигини, шунингдек чақирувга оид тадбирларнинг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминлаш;

ҳарбий – тиббий комиссия, бутлаш комиссияси ва туман (шаҳар) тиббий комиссия қарорларидан норози бўлган чақирилувчиларнинг шикоятларини кўриб чиқиш ва ечими бўйича тегишли қарор қабул қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафидан турли сабабларга кўра қайтарилган муддатли ҳарбий хизматчилар бўйича текширув ўтказиш ва тегишли чора-тадбирлар белгилаш.

Ҳарбий - тиббий комиссиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

ҳарбий-тиббий комиссия ишини Раҳбарият кенгаши раиси томонидан тасдиқланган жадвал асосида амалга ошириш;

ҳарбий-тиббий комиссия фаолияти бошланишидан аввал шифокорларнинг хоналари санитар-гигиеник талабларга мувофиқлиги, тиббий жиҳоз ва ускуналарнинг мавжудлиги, уларнинг ишлатилиш ҳолати ҳамда дори воситалари ва тиббиётга оид маҳсулотлар борлигини кўздан кечириш;

чақирилувчиларнинг тиббий кўригини Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 декабрдаги ПҚ–4076-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тинчлик ва уруш даврида тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низом талабларига қатъий риоя қилинган ҳолда ўтказилишини ташкиллаштириш;

шифокор-мутахассислар томонидан чақирилувчиларнинг ҳисоб карталарига киритилган ёзув ва хулосаларнинг тўғрилигини текшириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 декабрдаги ПҚ–4076-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тинчлик ва уруш даврида тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низом талабларига мувофиқ қарор қабул қилиш;

Раҳбарият кенгаши раиси билан ҳамкорликда чақирилувчиларни қўшимча текширув ва даволашга йўналтириш, шунингдек қўшимча текширув ва даволашдан кейин уларнинг қайтишларини назорат остига олиш;

тиббий кўрик лозим даражада ўтказилишини таъминлаш мақсадида тиббий комиссия шифокор – мутахассислари билан, тиббий комиссия фаолияти жараёнида йўл қўйилган камчиликлар таҳлилини инобатга олган ҳолда кенгашлар ўтказиш;

Раҳбарият кенгаши раисига чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш ишларида аниқланган камчиликлар ҳақида маъруза қилиш ва уларни бартараф этиш бўйича тадбирларни қўллаш;

чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари бўйича кунлик ҳисобот тайёрлаш ва Раҳбарият кенгаши раисига тақдим этиш;

Қуролли Кучлар сафини тўлдириш якуни бўйича туман (шаҳар) тиббий комиссиялар иши натижаларини умумлаштириш, ҳисобот тайёрлаш ва белгиланган тартибда Раҳбарият кенгаши раисига, зарурият бўлган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа ва Соғлиқни сақлаш вазирликларига тақдим этиш.

Бутлаш комиссиясининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

бутлаш комиссияси йиғилишларини Раҳбарият кенгаши раиси томонидан тасдиқланган жадвал асосида амалга ошириш;

Танлов кенгаши томонидан муддатли ҳарбий хизматга юбориш учун тавсия этилган, туман (шаҳар) тиббий комиссияси томонидан ҳарбий хизматга яроқли деб топилган чақирилувчилар билан суҳбат ўтказиш, уларни чуқур ва батафсил ўрганиш, уларнинг соғлиги даражаси, жисмоний тайёргарлиги, фикрлаш қобилияти, тафаккури, фидойилиги, қизиқишлари ва бошқа хусусиятларини инобатга олган ҳолда қўшин турларига тайинлаш;

чақирилувчиларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш ишларининг шаффофлиги ва холислигини таъминлаш;

жойлардаги тааллуқли идоралар, маҳаллий давлат ҳокимият органлари ва жамоат ташкилотларининг чақирилувчиларни йиғиш ва уларни тантанали равишда ҳарбий қисмларга юбориш бўйича тадбирларни ўтказишда ўзаро ҳамкорликни ташкил этиш;

чақирувга оид тадбирларнинг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этиш;

чақирилувчилар, уларнинг ота оналарининг чақирувга оид мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш.

Туман (шаҳар) тиббий комиссияларининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

тиббий комиссия ишини Раҳбарият кенгаши раиси томонидан тасдиқланган режага мувофиқ ташкил этиш ва олиб бориш;

тиббий комиссия иши бошланишидан олдин шифокорлар хоналари санитар-гигиеник талабларга мослиги, тиббий жиҳоз ва ускуналар, дори-дармон воситаларининг мавжудлиги, уларнинг ишга созлигини кўздан кечириш;

психоневрологик, сил касаллиги, наркологик, тери-таносил диспансерлари, ОИТС марказлари, санитар-эпидемиологик станциялар рўйхатида турувчи чақирилувчилар тўғрисида маълумотга эга бўлиш;

чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш ишларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 декабрдаги ПҚ–4076-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тинчлик ва уруш даврида тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низом талабларига мувофиқ ўтказилишини таъминлаш;

тиббий кўрик натижаларига асосан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 декабрдаги ПҚ–4076-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тинчлик ва уруш даврида тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низом талабларига мувофиқ чақирилувчиларга нисбатан тегишли қарор қабул қилиш, уларга оид ҳужжатларга тиббий хулосалар ва қайдларни киритиш;

чақирилувчиларни қўшимча текширув ва даволашга йўналтириш, уларнинг қўшимча текширув ва даволашлардан сўнг тиббий комиссияга келишларини назоратга олиш;

тиббий кўрикни сифатли ва холисона ўтказилишини таъминлаш мақсадида мунтазам равишда тиббий комиссия аъзолари билан йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилиш борасида кенгашлар ўтказиб бориш;

чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари бўйича ҳисобот тайёрлаш ва ҳарбий-тиббий комиссияга, зарурият бўлган ҳолда мудофаа ишлари бошқармасига тақдим этиш.

Туман (шаҳар) ҳудудий комиссиясининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

чақирилувчиларни муқобил хизматга чақириш, сафарбарлик чақируви резерви хизматига олиш, ҳарбий хизматга чақиришни кечиктириш ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига ва захирага ўтказиш;

чақирилувчиларни йиғиш, муқобил хизматга юбориш, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олиш ҳамда Қуролли Кучлар резервига бўшатилган ҳарбий хизматчиларни доимий яшаш жойларига қайтаришга оид тадбирларни тантанали тарзда ўтказишда жойлардаги давлат ҳукумати органларининг тааллуқли муассаса ва жамоат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш;

чақирув пунктларида ҳудудий комиссияларининг фаолият юритишлари учун зарурий шароитлар билан таъминлаш, алоқа воситалари, дори-дармонлар, тиббий ва хўжалик анжомлари, автомобиль транспорти ҳамда жамоат тартибини сақлаш шулар жумласидан;

чақирилувчиларни муддатли ҳарбий ва муқобил хизматга чақириш, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олиш, Қуролли Кучлар резервига бўшатилган ҳарбий хизматчиларни доимий яшаш жойларига қайтариш бўйича тадбирларнинг оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилишини таъминлаш;

ҳудудий комиссиялари фаолияти ва чақирувнинг ошкоралигини таъминлаш;

чақирилувчилар, уларнинг ота-оналарининг чақирувга оид мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш.

Раҳбарият кенгаши ва комиссиялар фаолиятини ташкиллаштириш тартиби

 Раҳбарият кенгаши ва комиссиялар йиғилишлари Раҳбарият кенгаши томонидан тасдиқланган жадвалга мувофиқ ўтказилади.

Раҳбарият кенгаши ва бутлаш комиссияси ўз ишини чақирилувчиларнинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдларини ўрганишдан бошлайди.

Чақирилувчининг тиббий кўрик хулосаси, маънавий ва касбий хусусиятлари, оилавий ва моддий шароити, оила аъзоларининг ижтимоий ҳолатини ўрганиш натижаларига мувофиқ Раҳбарият кенгаши ва бутлаш комиссияси томонидан уларни қўшин тури бўйича командаларга тайинлаш ишлари амалга оширилади.

Бутлаш комиссияси томонидан жамоавий тарзда қабул қилинган қарор “Қабул қилинган қарорлар китоби”га расмийлаштирилади ва тааллуқли мансабдор шахслар имзоси билан тасдиқланади.

Бутлаш комиссияси раиси томонидан чақирилувчиларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш ишларининг якуни бўйича ахборот тайёрланиб, Қуролли Кучларни бутлаш ишлари якунланганидан сўнг беш кунлик муддат ичида Раҳбарият кенгашига тақдим этилади. Раҳбарият кенгаши эса ўн кун муддат ичида ахборотни Мудофаа вазирлигига тақдим этади.

Ҳудудий комиссияси йиғилишлари комиссия раиси томонидан тасдиқланган жадвалга мувофиқ ташкил этилади ва олиб борилади.

Ҳудудий комиссияси ўз ишини чақирилувчиларнинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдларини ўрганишдан бошлайди.

Чақирилувчининг тиббий кўрик хулосаси, маънавий ва касбий хусусиятлари, оилавий, моддий шароити, оила аъзоларининг ижтимоий ҳолатини ўрганиш натижаларига мувофиқ ҳудудий комиссияси қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

ҳарбий хизматга яроқлилиги ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга тайинлаш тўғрисида;

ҳарбий хизматга яроқлилиги ва муқобил хизматга чақириш тўғрисида;

саломатлигига кўра ҳарбий хизматга вақтинча яроқсизлиги тўғрисида;

чақирилиш муддатини белгиланган тартибда кечиктириш ёки ҳарбий хизматга чақирилишдан озод қилиш тўғрисида;

йигирма етти ёшга етганлиги муносабати билан Қуролли Кучлар захирасига ўтказиш тўғрисида;

тинчлик давридаги ҳарбий хизматга саломатлигига кўра яроқсизлиги, уруш давридаги ҳарбий хизматга чекланган тарзда яроқлилиги ва захирага ўтказиш тўғрисида;

ҳарбий хизматга яроқсиз деб топиб, ҳарбий рўйхатдан чиқариш тўғрисида.

Ҳудудий комиссиясининг қарорлари “Ҳудудий комиссияси баённомалари китоби”га расмийлаштирилади. Мазкур китоб ҳамда чақирилувчилар шахсий ҳужжатлари йиғмажилдидаги тегишли саҳифаси ҳудудий комиссияси раиси ва аъзолари томонидан имзоланади.

Ҳудудий комиссияси раиси томонидан чақирилувчиларни муқобил хизматга чақириш, сафарбарлик чақируви резерви хизматига олиш, ҳарбий хизматга чақиришни кечиктириш ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига ва захирасига ўтказиш ишларининг якуни бўйича ахборот тайёрланиб, ўн кун муддат ичида туман (шаҳар) ҳокимига, мудофаа ишлари бўлими томонидан мудофаа ишлари бошқармасига тақдим этади.

 Раҳбарият кенгаши ва комиссия раисларининг мажбуриятлари:

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқароларни ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ва муддатли ҳарбий хизмат муддатини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинганидан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарлар ҳокимларининг тегишли қарор лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

Раҳбарият кенгаши, бутлаш ва ҳудудий комиссияси ишида ҳамда қарор қабул қилиш жараёнига раҳбарлик қилиш ва бевосита иштирок этиш;

йиғин ва чақирув пунктларини чақирув тадбирларини ўтказиш учун тайёрлаш;

аъзоларнинг услубий тайёргарлигини ташкиллаштириш, мажбуриятларни улар ўртасида тақсимлаш ва тасдиқлаш;

ички ишлар органлари билан ҳамкорликда муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ҳарбий хизматчиларни ҳарбий қисмларга юбориш жараёнида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун барча хавфсизлик чораларини кўриш, шунингдек чақирилувчиларнинг йиғин ва чақирув пунктларига ўз вақтида етиб келишлари юзасидан тадбирларни ташкиллаштириш;

жойлардаги ҳокимликлар ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ҳарбий хизматга чақириладиган чақирилувчиларни йиғиш, уларни ҳарбий қисмларга тантанали равишда кузатиш, резервга бўшатилган ёшларни яшаш жойларида тантанали кутиб олиш бўйича ўтказиладиган тадбирларни юқори савияда ўтишини ташкил этиш;

муддатли ҳарбий хизматга чақирилаётган ёшлар билан Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк саркардаларимиз ва улуғ аждодларимиз ҳақида давра суҳбатларини ташкил этиш;

чақирув ва йиғин пунктлари учун буюк саркардаларимиз Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Жалолиддин Мангубердилар жасоратларини намоён этувчи, “Темур тузуклари” ва шу каби бошқа тарихий асарлар тўғрисида чақирилувчилар тушунадиган талқинда кўргазмали баннерлар тайёрлаш, чоп этиш ва тарқатиш ишларини ташкил этиш;

ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда фаол фуқаролик позицияси, мамлакатимизнинг келажаги ва тақдири учун жавобгарлик ҳисси, Қуролли Кучлар билан фахрланиш, ҳарбий хизматга бўлган ҳурмат, шунингдек Ватанга чуқур муҳаббат ва садоқат туйғусини шакллантириш бўйича тарғибот-ташвиқот материаллари, кўргазмали баннерлар, кичик ҳажмдаги рисолалар ва тарқатма буклетлар тайёрлаб, йиғин ва чақирув пунктларини жиҳозлаш.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top