Жамият | 17:00 / 13.12.2019
45911
3 дақиқада ўқилади
Реклама

Сирдарёда Ўзбекистондаги яна бир йирик корхонага тамал тоши қўйилди

Сирдарё вилоятида «Бекзодшер» бирлашмасининг газобетон блоклари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонасига тамал тоши қўйилди.

Тадбирда АТ «Микрокредитбанк» бошқаруви раиси Муродилла Эшматов, Сирдарё тумани ҳокими Алижон Муҳаммадиев, Туркия ва голландиялик ҳамкор компания раҳбарлари иштирок этди.

Корхонада Голландиянинг «Aircrete Europe» компанияси томонидан етказиб бериладиган замонавий технологиялар асосида газобетон блоклари ишлаб чиқарилади.

Лойиҳа 2021 йилгача қурилиб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилган бўлиб, қиймати 15 миллион еврони ташкил этади. Унда йилига 500 минг куб метр газоблок маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Корхонада 50 нафар янги иш ўрни яратилади ва йилига 30 миллион АҚШ долларига тенг импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилади. Лойиҳа АТ «Микрокредитбанк» кўмаги билан банк кредити ҳисобига амалга оширилмоқда.

«Президентимизнинг қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича берган кўрсатмалари ва ички бозордаги талабдан келиб чиқиб, ушбу лойиҳани амалга оширдик. Бу корхона юртимизда жадал суръатларда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларига ўз ҳиссасини қўшади.

Кейинги йиллардан бошлаб қўшни давлатларга экспортни ҳам йўлга қўймоқчимиз. Ҳозирда Тожикистон ва қозоғистонлик тадбиркорлар билан бу бўйича келишув ишларини олиб боряпмиз. Бундан ташқари, яна бир нечта йирик лойиҳалар устида ишлаяпмиз», – дейди «Бекзодшер» бирлашмаси директори Шерзод Вафоев.

Шунингдек, тадбир давомида «Бекзодшер» бирлашмасига қарашли, ҳозирда ўз фаолиятини бошлаган умумий қиймати 3 миллион АҚШ долларига тенг қуруқ қурилиш аралашмалари ишлаб чиқариш корхонасининг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Корхона йилига 66 минг тонна 52 хил турдаги қуруқ қурилиш аралашмалари ишлаб чиқариш қувватига эга. Ишлаб чиқариш линияси Туркиянинг «OSK» компанияси томонидан етказиб берилди. Ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг 40 фоизи экспорт қилинади. Ҳозирда 35 нафар иш ўрни яратилган бўлиб, кейинчалик бу кўрсаткич ўсиб бориши режалаштирилган.

«Бекзодшер» бирлашмаси АТ «Микрокредитбанк» билан ҳамкорликни янада ривожлантириб, келгусида янгидан янги лойиҳаларни амалга ошириш ниятида.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид