Ўзбекистон | 19:58 / 16.12.2019
3892
4 дақиқада ўқилади

«Бангладешликлар Ўзбекистондан миннатдор» — Тошкентдаги элчихонада Бангладеш мустақиллик куни нишонланди

Бугун, 16 декабрь куни Бангладешнинг Тошкентдаги элчихонасида бангладешликларнинг мустақиллиги кунининг 48 йиллиги тантанали равишда нишонланди. Бангладеш давлат байроғини кўтарилиб, давлат мадҳияси янгради. 

Тадбирда Тошкентда истиқомат қилаётган бангладешликлар, шунингдек, дипломатлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, маданият арбоблари ва элчихона ходимлари иштирок этишди.

Бангладешнинг мустақилликка эришиш учун босиб ўтган қонли йўли ва унда шайх Мужибур Раҳмоннинг қўшган ҳиссаси ҳақида «Бизнинг Бангабандҳу» ҳужжатли фильми намойиш этилди. Бангладешнинг Ўзбекистондаги элчиси Моссоуд Маннан йиғилганларга Бангладеш давлат раҳбарларининг мактубларини ўқиб эшиттирди. 

Сўзга чиққанлар Бангабандҳунинг Бангладеш мустақиллигига эришишдаги роли ва 1971 йил озодлик уруши пайтида Бангладеш халқининг қурбонликлари ҳақида ҳикоя қилишди. 

«Мужибур Раҳмондан олдин ҳам ўтган асрларда бир қанча лидерлар мустақиллик учун ҳаракат қилишган. Бироқ уларнинг ҳаракатлари кенг омма томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмагани, ўта яхши режалаштирилмагани учун муваффақиятли тугамаган. 

Лекин истиқлол ҳаракатлари осонликча кечмаган. 1971 йил мартидан декабригача 9 ой давомида қарийб 9 миллион киши ҳалок бўлган, қанчадан-қанча одам жароҳатланган. Қанчалаб оила боқувчисини йўқотган», дейди Мосуд Маннан.

Ўзбекистонлик шоира Бегойим Холбекова Рабиндранат Тагор томонидан ёзилган Бангладеш давлат мадҳиясининг таржимасини ўзбек ва инглиз тилларида ўқиб берди.

Элчихонада «Бангладешда ўтказилган геноцид ва 1971 йилда Бангабанду раҳбарияти» мавзусида махсус фотосуратлар кўргазмаси ҳам ташкил қилинди. 

Тадбирдан сўнг элчи Мосуд Маннан Kun.uz мухбирига икки давлатнинг ўзаро дўстлиги тарихи, бугунги ҳамкорлиги ҳақида фикрларини билдирди.

«Бангладеш халқи Ўзбекистондан миннатдор»

«Бангладеш учун 16 декабрь жуда муҳим кун саналади. Чунки 1971 йил айни шу санада Мужибур Раҳмон бошчилигида давлатимиз истиқлолга эришган. Бу сўзнинг бир миллат учун қанчалик аҳамиятли эканини эса тушуниш қийин эмас. 

Ҳиндистон, собиқ совет давлатлари, жумладан, Ўзбекистон, шарқий Европанинг айрим давлатлари кўрсатган дўстона ёрдам учун Бангладеш халқи ҳамиша миннатдор. 

Давлатингизни доим бизга дўст давлатлар қаторига қўшишимизнинг сабаби бизга мустақилликдан кейин берилган кўмак бўлган. 

Иккинчи жаҳон уруши даврида ўзбеклар қийин ҳолатда бўлса-да, болаларни асраб олган, одамларга уйидан жой берган. Халқингизнинг бу фазилати 1971 йилда Бангладеш мисолида яна бир бор кўринди. 

Келаётган 2020 йилда ҳам ҳамкорлигимизни мустаҳкамлаган ҳолда бизнес, туризм, таълим, маданиятлараро муносабатлар алмашинуви каби ҳаракатларимизни давом эттирамиз ва дунёнинг янада тинч бўлиши учун ўз ҳиссамизни қўшамиз деган умиддаман», деди элчи.

«Дакка шаҳри бобурий Жаҳонгир Мирзо ҳукмронлиги даврида қурилган»

Элчи, шунингдек, Бангладешдаги Бобурийлар сулоласи даврида қурилган меъморий объектлар ҳақида гапириб берди. 

«Бангладешда Бобурийлар сулоласи тарихий мероси жуда кўп. Масалан, ҳозирги пойтахт Дакка шаҳри бевосита шу сулола ҳукмронлиги давомида қурилган. Бу сулола вакили Жаҳонгир Мирзо ҳукмронлиги даврига тўғри келади. 

Биргина Дакка шаҳрининг ўзида Бобурийлар сулоласи даврига тегишли жуда кўп тарихий бинолар, масжидлар ва мадрасалар мавжуд. 

Бундан ташқари, Дакканинг олд тарафида Жаҳонгир Мирзо ва ундан кейинги бобурий ҳукмдорларга тегишли Лалбагҳ форти (қалъа) мавжуд. Бу тарихий обида Дакка учун жуда қадрли саналади. 

Шунингдек, Бангладешда марказий осиёлик қурувчилар томонидан қурилган, уларнинг нақши туширилган кўприклар, бинолар жуда кўп», дейди элчи Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид