Жамият | 19:51 / 16.12.2019
12694
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ТИВ Хабаровскда Марказий Осиё мамлакатларидан келган мигрантларнинг оммавий ҳибсга олиниши тўғрисидаги хабарни текширмоқда

Мамлакатимизнинг Владивосток шаҳридаги (Россия) бош консулхонаси 12 декабрь куни Хабаровск шаҳрида Марказий Осиё мамлакатларидан келган мигрантлар, жумладан Ўзбекистон фуқароларининг оммавий ҳибсга олиниши билан боғлиқ воқеа тўғрисида ахборот маконида тарқалган хабарни текширмоқда.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматининг билдиришича, вазият бош консулхона назоратида.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти эслатиб ўтадики, Россиянинг Узоқшарқий федерал округи (Амур вилояти, Камчатка ўлкаси, Магадан вилояти, Приморье ўлкаси, Саха Республикаси (Ёқутистон), Сахалин вилояти, Яҳудий автоном вилояти, Хабаровск ўлкаси, Чукотка автоном округи) ҳудудида жойлашган фуқароларимиз зарур вазиятларда мамлакатимизнинг Владивосток шаҳридаги бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкин: +7-423-260-48-00, +7-951-018-70-07.

Аввалроқ, Қирғизистон ОАВ 12 декабрь куни Хабаровскда махсус бўлинма ходимлари рейд давомида "ИП Васильев" компаниясининг автобус паркидан Марказий Осиёдан бўлган 73 нафар мигрант ҳайдовчини олиб кетишганини хабар қилганди. Айтилишича, уларнинг аксарияти Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари бўлган.

13 декабрь куни Хабаровскдаги Қирғизистон консулхонасига 15 нафар фуқаро мурожаат қилиб, махсус бўлинма ходимлари калтаклаганлигини хабар қилган. Икки нафар фуқаро касалхонага ётқизилган.

Мавзуга оид