Ўзбекистон | 08:53 / 17.12.2019
2160
2 дақиқада ўқилади

Planungsbüro VAR+ Тошкентда велойўллар қуриш концепциясини ишлаб чиқади

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Жорий йилнинг 14 декабрь куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида ЕХҲТ ва Германиянинг Planungsbüro VAR+ бюроси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда пойтахтнинг велойўлакларга бўлган эҳтиёжи ва йўлларнинг имконияти муҳокама этилди.

Қайд этилишича, 2018 йилда германиялик мутахассислар илк бор Тошкентга келиб бу масалада ўрганишлар олиб боришган. Шундан сўнг Planungsbüro VAR+ бюро ходимлари бир неча ой мобайнида ўз таҳлиллари ва бирламчи таклифларини ишлаб чиқишди.

Бўлиб ўтган учрашувда шаҳар ҳокимининг ўринбосари Б.Раҳмонқулов ва Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси мутахассислари намойиш этилган таклифлар билан яқиндан танишиб, ўзаро суҳбат давомида велойўлакларни қуриш билан бирга, ОТМ, идора ва ташкилотлар, вокзаллар, кўчалар, кўп қаватли уй-жойлар, метро бекатлари, хиёбонлар атрофига велотураржойлар қуриш, қурилажак велойўлларнинг болалар ҳаракати учун ҳам хавфсиз бўлиши, шу билан бирга, бу йўллар узлуксиз бўлишини таъминлаш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

- ЕХҲТ ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг келишувига асосан бу ерда велойўллар қуриш концепцияси ва велошеринг фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. Биз бу борада ўз лойиҳамизни ишлаб чиқамиз ва ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан уни янада такомиллаштирамиз. Кузатишларимиз Ўзбекистонда велосипед ва автомобиль ҳайдовчилар ўртасида ўзаро ҳурматни шакллантириш кераклигини кўрсатди бу борада ҳам ўз таклифларимиз бор, - дейди Planungsbüro VAR+ компанияси раҳбари Уве Петри.

Февраль ойида тақдим этиладиган лойиҳага бугундан старт берилди.

Маълумот ўрнида айтилишича, Planungsbüro VAR+ лойиҳалаштириш бюроси 2000 йилдан буён велокўчалар ва велошосселар қуриш билан шуғулланади. Бюро мутахассислари Германиянинг Драйайх шаҳрида энг узун велокўчанинг лойиҳасини яратишган ва унинг қурилиш жараёнида иштирок этишган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид