Ўзбекистон | 11:27 / 18.12.2019
11610
2 дақиқада ўқилади

Русланбек Давлетов муҳокамага қўйилаётган айрим ҳужжат лойиҳалари давлат тилида эмаслигига муносабат билдирди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг «Зарафшон» зали Media hall’ида «Янги Ўзбекистон - янги сайловлар» мунозара клубининг навбатдаги тадбири бўлиб ўтмоқда.

«Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш - мамлакат тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови» мавзусидаги тадбирда суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий тамойилига риоя этилишини таъминлаш, суд-тергов жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш, адвокатнинг далиллар тўплаш ва тақдим этиш ҳуқуқини кенгайтириш, уларнинг кафолатларини таъминлаш, жиноий ва жиноий-процессуал қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш, шу жумладан, иқтисодий жиноятлар соҳасидаги нормаларни эркинлаштириш каби масалалар юзасидан фикр алмашилмоқда.

Адлия вазири Русланбек Давлетов айрим қонун ҳужжатлари ўзбек тилида эмас, балки бошқа тилда муҳокамага қўйилаётгани ҳақидаги саволга жавоб қайтарди.

«Давлат тили ўзбек тили. Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертиза учун тақдим этилаётган ҳужжат лойиҳалари давлат тилида бўлмаса қабул қилинмайди. Шуни айтиш керакки, ҳужжат лойиҳалари аввал маълум вазирликлар томонидан ишлаб чиқилиб, сўнг муҳокамага қўйилади. Давлат тили учун Адлия вазирлиги жавоб бермайди, бизда бунинг учун ваколат ҳам йўқ, ўзимиз давлат тили бўйича талаб билан чиқяпмиз», - деди Русланбек Давлетов.

Мавзуга оид